Жаҳон матбуоти Ўзбекистон ҳақида
“WAM” ахборот агентлиги сайтида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Дубай Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида Ўзбекистон — БАА бизнес-форуми бўлиб ўтгани ҳақида мақола эълон қилинди. Нашр тадбирда икки давлатга тегишли вазирлик, идоралар, тижорат банклари ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, ишбилармон доираларнинг 100 га яқин вакили иштирок этганига урғу берган.
Инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид ижобий тажриба, диёримизда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо алоқасини кенгайтириш учун яратилган шарт-шароит алоҳида таъкидланган, янги инвестиция битимлари ва савдо шартномалари тузиш режалари хусусида сўз юритилган.
Форум доирасида БАА томонини мамлакатимизнинг сармоявий, савдо-иқтисодий, логистика салоҳияти, солиқ, божхона ва банк соҳалари фаолияти ва имконияти билан яқиндан таништириш мақсадида эксперт сессияси ўтказилгани қайд этилган.
Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Матар Ал-Қамзий ушбу бизнес-форум икки томонлама муносабатни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлаган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА