Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг 2021 йил давомидаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида Қонунчилик муаммолари институти директори, профессор Ф.Отахонов 2021 йилда институт томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар берди. Хусусан, ҳисобот даврида институт томонидан Олий Мажлис палаталарига амалдаги қонунлар ва қонун лойиҳалари юзасидан 32 та илмий хулоса, 7 та Олий Мажлис палаталарининг қарори лойиҳалари юзасидан таклифлар, 156 та ахборот-таҳлилий маълумот, 12 та чора-тадбирлар Дастури лойиҳалари юзасидан асослантирилган таклифлар тақдим этилган.
Ҳисобот даврида институт томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро майдонда билдирган ташаббусларини амалга ошириш бўйича мутасадди идоралар фаолиятига кўмаклашиш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, институт томонидан Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенцияси лойиҳаси, «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюцияси лойиҳаси, Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги халқаро резолюция лойиҳаси, Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги БМТ халқаро кодекси ва унинг концепцияси лойиҳалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Матбуот анжуманида маълум қилинишича, 2021 йилда институт таҳририй фаолият йўналишида ҳам катта натижаларга эришилган. Жумладан, «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси» илмий-амалий журналининг 4 та сони нашр этилди. Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари», «Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари» мавзуларидаги халқаро конференция материаллари тўпламлари тайёрланиб чоп этилди.
Шунингдек, институт томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги тарихий нутқи ва унга билдирилган муносабатлар тўплами», «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий – ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси» ва «Ҳаракатлар стратегияси – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам замини»номли 3 та электрон тўплам тайёрланди.
2021 йил институт томонидан 17 та халқаро конференция, илмий-амалий семинар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилган. Институт ва Қозоғистон Республикаси Президенти девони Моддий-техника таъминоти бўлимининг «Парламентаризм институти» билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган. 2021 йилнинг 9 июнь куни Исроил давлати Кнессети Тадқиқот ва ахборот маркази билан ўзаро алоқалар ўрнатилган.
– Институтимиз жаҳон мамлакатлари демократияси индексида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини ошириш ва мустаҳкамлаш бўйича тадқиқотларни амалга оширишга масъул этиб белгиланган, – дейди Қонунчилик муаммолари институти директори, профессор Фозил Отахонов. – 25 та мамлакат, хусусан, Финляндия, Норвегия, Канада, Швейцария каби давлатларнинг ижобий тажрибаси ўрганилиб, "The Economist Intelligence Unit" тадқиқот марказининг «Жаҳон мамлакатлари демократияси индекси» бўйича ишлаб чиқилган намунавий йўриқномаси асосида тизимли ишлар амалга оширилди. 2012 йилда 176 та давлатнинг ичида Ўзбекистон 161 ўринда эдик. 2017 йилга келиб, бу кўрсаткич 158 ўринга чиқди. 2021 йилда жаҳон демократия индексида Ўзбекистон 155 ўринни эгаллади. Буни кўриниб турибдики, мамлакатимиз йилдан-йилга халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб бормоқда.
Матбуот анжуманида институт “Mening fikrim” веб-порталининг модератори ҳисобланиши, 2021 йил давомида “Mening fikrim” веб-порталига фуқаролар томонидан 888 та электрон жамоавий мурожаат келиб тушган.
Анжуман давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Д.Файзиева, Олий Мажлис Сенатининг қўмита раислари М.Қодирхонова ва О.Иминов, Қўмита раиси ўринбосари Т.Мадумаров институтнинг кенг кўламли фаолияти юзасидан муносабатлар билдирди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига мутасаддилар томонидан жавоблар берилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА