Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида шахмат бўйича жаҳон кубогининг 1/2 финалининг дастлабки тур ўйинлари якунланди.
Дунё шахмат ихлосмандлари кузатиб борган ушбу босқичда икки гроссмейстеримиз - Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдоров рўбарў келди. Бироз аввал якунланган ярим финалнинг илк партиясида муроса йўли танланди.

Эртага, 22 ноябрь куни ярим финалнинг иккинчи турида Синдоров оқ доналарда ҳаракатланади.
Шунингдек, бугун ярим финалнинг иккинчи жуфтлигида россиялик Андрей Есипенко ва хитойлик Вэй И мусобақасида дуранг натижа қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 1/2 финалда ғалаба қозонган шахматчилар жаҳон шахмат тожи учун 2026 йилнинг апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган даъвогарлар турнири йўлланмасига эга чиқади.
Ярим финалда имкониятни бой берганлар 3-ўрин учун баҳсда даъвогарлар турнирининг сўнгги йўлланмаси учун баҳслашади.
Умумий мукофот жамғармаси 2 миллион АҚШ долларидан иборат жаҳон кубоги мусобақалари 26 ноябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА