English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон кубоги: Синдоров тай-брекда, Ёқуббоев 4-ўринни эгаллади
21:10 / 2025-11-25

Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида шахмат бўйича жаҳон кубогининг финал ва 3-ўрин учун ўтказилган иккита партиядан иборат ҳал қилувчи ўйинлари якунланди.

Финалда кураш олиб бораётган ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров 2-турда қора доналарда ҳаракатланишига қарамасдан илк турдагидек хитойлик Вэй И билан яна дурангга эришди. Томонлар 30-юриш ҳолатида муроса йўлини танлашди.

Энди жаҳон кубоги кимга насиб этиши масаласига эртага, 26 ноябрь куни ўтадиган тай-брек баҳслари ойдинлик киритади.

Нодирбек Ёқуббоев ва Андрей Есипенко ўртасида 3-ўрин ҳамда номзодлар турнирининг ягона йўлланмаси учун кечган мураккаб баҳсда ҳамюртимиз рақибига йўл берди ва жаҳон кубогининг 4-поғонасидан жой олди.

Нуфузли мусобақа давомида кучлиларга қарши муросасиз курашларда ўз истеъдодини ва салоҳиятини намойиш этган шахматчимиз Н.Ёқуббоев жаҳон кубогида тўртинчи ўринни эгаллаши ортидан 50 минг АҚШ долларини қўлга киритди.

Ўзбекистон шахмат мактаби ёшларининг иқтидорини намойиш этган Нодирбек баҳслар давомида юксак даражадаги ўйин, совуққонлик ва ҳақиқий чемпионларга хос руҳиятни намоён қилгани билан дунё шахмат ишқибозлари ва мутахассисларининг эътирофига, меҳрига сазовор бўлди.

Эслатиб ўтамиз, эртага ўтадиган финал мусобақасининг тай-брек ўйинларида муваффақиятга эришган шахматчи жаҳон кубоги билан бир қаторда 120 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.

Т.Рўзиев,

ЎзА