Самарқанд шаҳрида жаҳон криминологиясининг илғор тажрибаларига бағишланган II халқаро форум ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Криминология тадқиқот институти томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ҳамда Беларусь, Венгрия, Россия, Туркия, Тожикистон, Хитой, Қатар, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон давлатлари полиция идоралари ва криминологик тадқиқот тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, БМТнинг жиноят ва наркотиклар бўйича Марказий Осиё минтақавий бошқармаси (UNODC), Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (TIKA), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Россия Федерацияси ИИВнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъуллари иштирок этмоқда.
Форум аввалида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари, тергов департаменти раҳбари Рамазон Ашрапов, Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев, Уюшган жиноятчиликка қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси директори ўринбосари Баҳромжон Ханазаров, БМТнинг жиноят ва наркотиклар бўйича Марказий Осиё минтақавий бошқармаси (UNODC) раҳбари Саломе Флорез Франзони хоним ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур тадбир илмий амалиёт, эксперт тажрибаси ва амалий ҳамкорликнинг бирлашган платформаси сифатида жиноятчиликка қарши глобал курашда халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
[gallery-26291]
– Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 январдаги “Криминология соҳасида илмий-амалий тадқиқот ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ташкил этилган форум бугун дунё криминологлари олдида турган масалалар юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, трансмиллий умуммиллий жиноятчиликка қарши биргаликда курашишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Криминология тадқиқот институти бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев. – Чунки бугунги мураккаб даврда глобал миграция, рақамли технологиялар, радикаллашув кучайиб, кибер ва трансмиллий умуммиллий жиноятчилик кўпайиб бораётган бир пайтда бу иллатларга қарши якка ҳолда курашиш давлатлар ва минтақалар учун жуда қийин. Бунда илғор тажрибаларни ўрганиш ва ҳамкорликда ишлаш, жиноятларни илмий таҳлил қилиш ва ечимлар таклиф этиш долзарб ҳисобланади. Шу сабабли иккинчи марта ташкил этилаётган ушбу форумда иштирокчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари сони ортиб, муҳокама этиладиган масалалар қамрови кенгайиб бормоқда. Жумладан, бу гал биз хорижий давлатлардаги ҳамкасбларимиз ва халқаро ташкилотлар вакиллари, нуфузли олимлар ва экспертлар билан биргаликда жиноятчиликнинг глобал тендияциялари, рақамли хавфсизлик, криминологик прогноз, жамият ва давлат ҳамкорлиги, жаҳон жиноятчилиги каби масалаларни ўрганиш, илмий тадқиқ этишни мақсад қилганмиз. Шу асосида янги лойиҳалар, ҳамкорлик учун йўналишлар таклиф этилади.
Уюшган жиноятчиликка қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси директори ўринбосари Баҳромжон Ханазаров криминология соҳасида бундай ҳамкорлик халқаро миқёсда энг хавфли жиноятчиликка қарши курашишда кучларни бирлаштиришга хизмат қилишини қайд этди.
– Замонавий технологиялар, сунъий интеллект ривожлангани сари кибермаконда ҳам жиноятчилик ошиб бормоқда ва бу фақат бир давлатнинг муаммоси эмас – деди Баҳромжон Ханазаров. – Бу муаммога комплекс ёндашувни, биргаликда ечимлар ишлаб чиқишни тақозо этади. Мазкур форум айни мақсадларга қаратилгани учун ҳам барча иштирокчилар учун фойдали бўлиши, шубҳасиз.
Форумнинг энг муҳим натижаларидан бири сифатида қатор давлатлар полиция ва тадқиқот тузилмалари ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ҳужжатлар тайёрланган.
Хусусан, Венгрия, Ҳиндистон, Россия, Қатар, Туркия, Хитой, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон полиция идоралари ва криминология соҳасидаги тадқиқот ташкилотлари билан халқаро ҳамкорлик, минтақалар бўйича таҳдидларни баҳолаш ва хориждан кириб келиши мумкин бўлган жиноятлар юзасидан қўшма протоколлар имзоланиши, жиноятчиликни чуқур ва комплекс ўрганишга қаратилган қўшма тадқиқотлар олиб бориш, экспертларни ўқитиш, илмий-тадқиқот дастурлари ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Шунингдек, форум доирасида Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (TIKA) масъуллари билан Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун грант маблағларини жалб қилиш ва бу орқали институт инфратузилмасини такомиллаштириш, замонавий криминологик лаборатория ва таҳлил технологияларини жорий этиш, қўшма ўқув дастурлари ва семинарларни молиялаштириш юзасидан келишувлар муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, қатор икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган. Жумладан, Криминология тадқиқот институти ва Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Бутунроссия илмий-тадқиқот институти федерал давлат муассасаси, Урал давлат юридик университети, Венгриянинг “Лудовика” давлат хизмати университети ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар факультети, Туркия Миллий полиция академиялари ўртасида меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.
Қатар Амирлиги билан ходимлар стажировкаси, Қатар ва Ўзбекистон жиноятчилигини ўзаро тадқиқ қилиш қўшма лойиҳаларини ишга тушириш масаласи ҳам форум кун тартибидан ўрин олган.
Таъкидлаш лозимки, ушбу ташаббуслар келгусида криминологик тадқиқотларнинг илмий ва амалий самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари