Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида битирувчилар кутубхонаси ташкил этилди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида битирувчилар уюшмаси томонидан илк бор «Китоб алмашиш» лойиҳаси ўтказилди. Унда университет битирувчилари кутубхонага 200 дан ортиқ китоб, жумладан, дарслик, илмий ва бадиий адабиётлар совға қилди.
Тадбир давомида битирувчилар талабалар билан мулоқот қилиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
[gallery-10843]
– Инсон талабалик даврини соғинади, ўша пайтларга қайтгиси келади. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам битирувчиларнинг ана шу истагини оз бўлсада амалга ошириш, уларнинг университет талабалари билан яқиндан танишишига имконият яратишдир. Умид қиламизки, бугунги тадбир талабаликнинг олтин даврларини ёдга сола олди, – дейди университет битирувчилари уюшмаси раиси Миркомил Бобоёров.
ЖИДУ битирувчилари уюшмаси 6 мингдан ортиқ аъзога эга бўлиб, ташкилот учрашувлар ўтказиш орқали талабаларни бирлаштириб, университет рейтингини оширишни режалаштирган.
М.Қосимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА