Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон иқтисодиёти ўсиш даражаси қандай?
08:11 / 2024-06-17

Яқинда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг “Жаҳон иқтисодиёти  ривожланиши истиқболи” мавзусидаги маърузаси эълон қилинди. Ҳисоботда глобал иқтисодий ўсиш суръати 2024 йил 3,2 фоизга етиши тахмин қилинган. Бу январь ойидаги фараздан бир оз кўпроқ.

“Синьхуа” агентлиги ёзишича, Жаҳон банки билан бирга баҳорги кенгаш доирасида ўтказилган брифингда ХВЖ бош иқтисодчиси ва тадқиқот департаменти директори Пьер-Оливье Гуринш жаҳон иқтисодиёти бўйича тушкун фикрлар янграётганига қарамай, ўсиш суръати анчайин барқарор қолиши, инфляция эса қандай тез кучайган бўлса, шундай тез сустлашишини башорат қилган. “Кўпгина кўрсаткичлар юмшоқ қўнишни ифодалашига  ишора қилинмоқда” – дея таъкидлаган у.

Гуринш сўнгги тўрт йилда кузатилаётган инқироздан кўрилган зарар сезиларли бўлмаса-да, оқибат кам даромадли мамлакатлар учун анча жиддий бўлишини ҳам айтган. Бунинг устига айрим мамлакатлар, шундоғам, пандемия ва ҳаёт кечириш қийматида рўй берган инқироздан халос бўлишга уринмоқда.

Ижобий ўзгаришларга қарамай, ҳали кўп муаммо сақланиб қолаётгани учун қатъий чоралар кўриш лозим.

ХВЖ ҳисоботидан келгуси беш йил учун эълон қилинган глобал иқтисодий ўсиш бўйича сўнгги прогноз сўнгги ўн йилликлардаги энг паст кўрсаткич – 3,1 фоизни ташкил этиши маълум бўлди. Глобал йиллик инфляция ўртача 6,8 фоиздан пасаяди. 2023 йил якунида 5,9 фоизга тенг бўлган бу миқдор 2024 йил якунида 4,5 фоизгача тушади.

ХВЖ бош иқтисодчиси, шунингдек, сўнгги пайт нефть нархи кўтарилиши қисман геосиёсий кескинлик билан боғлиқлиги, хизмат кўрсатиш соҳасидаги инфляция ўжарлик билан юқорилигича қолаётганига эътибор қаратган. Таъкидланишича, етакчи иқтисодиётлар ўртасида инфляция секинлашуви суръати фарқланиши валюта курсини ҳам ўзгартириши мумкин. Бу молия секторларига босим ўтказади. Юқори фоиз ставкаси кутилганидан кўра кўпроқ салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори, чунки белгиланган ставкали ипотека кредити қайта кўриб чиқилади. Уй хўжаликлари кўп миқдордаги қарзга дуч келиши молиявий стрессни келтириб чиқаради.

ХВЖ экспертлари таъкидлашича, бир неча омил – пандемиядан кейин таъминот занжирида кузатилган узилиш, Россия ва Украина зиддияти ўлароқ юзага келган энергетика ва озиқ-овқат инқирози, шунингдек, инфляция сезиларли даражада кучайиши каби салбий ўзгаришлар натижасида сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиёти жиддий босим остида қолган.

Сўнгги пайтда дунёнинг энг йирик иқтисодиёти – Қўшма Штатларда кузатилаётган кучли ўсиш юқори маҳсулдорлик ва бандликнинг ижобий даражаси, шунингдек ҳаддан ташқари қизиб кетган иқтисодиётдаги кучли талаб билан боғлиқ, дейди экспертлар. Бу ҳолат федерал захирадан сиёсатни юмшатишга эҳтиёткор ва босқичма-босқич ёндашишни талаб қилади. Европа ҳудудида ўсиш, жуда паст даражада бўлса-да, қайта тикланади. Бинобарин, олдинги зарбалар ва кескин пул-кредит сиёсати фаолликка таъсир қилади.

– АҚШдан фарқли ўлароқ, кўҳна қитъа ҳудудида ҳозирча қизиб кетиш аломати кам ва шу боис ЕИ Марказий банки инфляцияни мақсадли даражадан тушиб кетмаслигини таъминлаш учун пул-кредит сиёсатини юмшатишга қаратилган ҳаракатни эҳтиёткорлик билан ўзгартириши керак, – дейди мутахассис.

Яна бир йирик ҳудуд – Чин мамлакати иқтисодиётига кўчмас мулк секторидаги секинлашув таъсири давом этяпти.

Мазкур ҳисоботдан чиқарилган хулоса қуйидагича: биринчи ўринда бюджет захирасини тиклаш керак. Инфляция пасайишига қарамай, реал фоиз ставкаси юқорилигича қолмоқда, давлат қарзи динамикаси унча қулай эмас. Иккинчи устувор вазифа – ўрта муддатли иқтисодий ўсиш истиқболи ёмонлашувини бартараф этиш. Маҳаллий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни рағбатлантириш, ички ресурсларни сафарбар қилишни кучайтиришга қаратилган таркибий ислоҳотлар паст даромадли мамлакатларга қарз олиш харажати ва молиялаштиришга эҳтиёжни камайтиришга ёрдам беради.

С.Раҳимов,

ЎзА