Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон ҳукуматлари саммити: Дубай геосиёсат марказида
22:19 / 2026-02-05

Бирлашган Араб Амирликлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон ҳукуматлари саммитида 150 дан ортиқ давлатдан делегациялар, жумладан давлат раҳбарлари, вазирлар ва сиёсатчилар бошқарув тизимини янгилаш, иқтисодий барқарорлик ва глобал хавфсизлик масалаларини муҳокама қилмоқда.

Тадбир давомида асосий урғу амалий ислоҳотларга қаратилмоқда. Масалан, амалдаги давлат бошқаруви услубларини бугунги тезкор технологик даврга, геосиёсий ўзгаришларга мослаштириш зарурлиги таъкидланмоқда. Хусусан, БАА Вазирлар Маҳкамаси ишлари вазири Муҳаммад Ал-Гергавий ҳукуматлар “кечаги эмас, эртанги инсон” учун ишлаши кераклигини қайд этди.

Анжуманнинг биринчи кунида сунъий интеллект мавзуси эътибор марказига чиқди. Расмийлар технологияни шунчаки жорий этиш эмас, балки бошқариш, назорат қилиш орқали жамиятда тараққиётга ишончни мустаҳкамлаш муҳимлигига урғу беришди.

Иқтисодий йўналишда қарз юки ошиши, нотекис ўсиш ва бюджет чеклови асосий хавф сифатида кўрсатилди. Бугунги кунда қабул қилинган ноўрин қарор жуда тез, оғир оқибатга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Ҳукуматлар тезкор, натижага йўналтирилган бошқарув тизимига ўтиши лозимлиги қайд этилди.

Кун якунида геосиёсий таранглик мавзуси кўтарилди. Яқин Шарқдаги вазият ва Эрон – АҚШ муносабатида дипломатик мулоқотга эҳтиёж кучлилиги айтилди. Узоқ муддатли сиёсий келишувлар минтақа барқарорлиги учун ягона йўл экани таъкидланди.

Умуман, саммитнинг илк куни ҳукуматлар олдида турган муаммолар мураккаб ва кўп қиррали эканини намоён қилди. Шу билан бирга тезкор ечимдан кўра, пухта ўйланган тизимли ёндашув кўпроқ фойда келтириши бир овоздан маъқулланди.

Мусулмон Зиё, ЎзА