Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон ҳамкорлиги парчаланмоқда: глобал тизимдан кичик иттифоқларга ўтиш даври
12:38 / 2026-01-10

Тан олиш керак, бугун жаҳон миқёсида ҳамкорлик механизмига асосланган йирик тузилмалар фаолияти сезиларли даражада сустлашган.

Савдо, молия, технология каби муҳим соҳаларда мамлакатлар ўз манфаатига хизмат қиладиган кичик иттифоқларни афзал кўра бошлади. Жаҳон иқтисодий форуми (WEF) эълон қилган Глобал ҳамкорлик барометри айни ўзгаришни ифодалайдиган манзарани намоён этган.

Мазкур ҳисоботда айтилишича, айни пайт Мультилатерализм, яъни кўплаб давлатлар иштирокидаги умумий келишувга асосланган ҳамкорлик услуби босим остида. БМТ доирасидаги анъанавий механизмлар зиддият, ишончсизлик ва геосиёсий рақобат сабаб сустлашмоқда. Тўғри, глобал ҳамкорлик бутунлай издан чиққани йўқ, фақат шунчаки шаклини ўзгартирмоқда. Энди иттифоқчилик кўпроқ кичик, муайян манфаатга асосланган гуруҳлар доирасида йўлга қўйиляпти.

Бу ҳолат айниқса савдода яққол кўринади. Давлатлар глобал савдодан ҳам воз кечмаган ҳолда, товар оқимини сиёсий жиҳатдан ишончли шериклар томон йўналтирмоқда. Геосиёсий масофа, яъни ҳамкорлар ўртасидаги сиёсий фарқ сўнгги йилларда камайди. Демак, савдо тармоғи “маълум бир иттифоқ ичида” қайта тақсимланаётгандек. Натижада ривожланаётган давлатлар ва Хитой экспорт улушини оширди, ривожланган давлатлар эса стратегик соҳаларни ҳимоялашга ўтди.

2025 йил жорий этилган янги божлар савдони тўхтатиб қўймади, балки жараённи қайта шакллантирди. Савдо ҳажми ўсишда давом этди, фақат йўналишлар тез-тез ўзгарди. Капитал ва хизмат оқими ҳам сақланиб қолди. Айниқса сунъий интеллект, ярим ўтказгич, батарея ва бошқа муҳим хом ашё маҳсулотлари сингари “келажакни белгиловчи” соҳаларга кўпроқ инвестиция киритила бошлади. Бу “самарадорликка асосланган глобаллашув”дан “барқарорликка асосланган тараққиёт”га ўтиш жараёнини англатади.

Барибир, ҳамкорликнинг анъанавий кўрсаткичлари пасаймоқда. Хусусан, ривожлантириш ёрдами кескин қисқарди. Расмий тараққиёт кўмаги (ODA — кучли давлатларнинг ривожланмаган мамлакатларга кўрсатадиган молиявий кўмаги) сўнгги йилларда сезиларли камайди. Миграция ҳам секинлашмоқда: айни кўрсаткич АҚШ ва Германия каби асосий йўналишларда кескин пасайди.

Энг хавотирли ҳолат тинчлик ва хавфсизлик борасида кузатиляпти. БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорлари камайди, тинчликпарвар миссиялар қисқарди, ҳарбий ва молиявий ресурслар етишмаяпти. Энди БМТ йирик ҳарбий амалиётдан кўра, кўпроқ дипломатия воситаси ва минтақавий механизмларга таянмоқда. Бу можаролар кўпайиб бораётган бир пайт, глобал тизим заифлашаётганидан дарак беради.

Беқарорлик бизнесга ҳам бевосита таъсир этяпти. Суғурта, логистика, инвестиция ва кадрлар ҳаракати хавф остида. Шу боис ҳукуматлар мудофаа сарфини оширмоқда. НАТО давлатлари бу борада белгиланган меъёрга чиқиб олди. Келажакда ҳарбий харажат янада ортиши кутиляпти.

Хулоса шуки, дунё энди ягона тизим асосида ишламаяпти. Глобал ҳамкорлик йўқолмаса-да, бўлакларга ажралиб қайта қурила бошлади. Майда битимлар, чегараланган иттифоқлар савдо ва инвестицияни сақлаб қолиши мумкин, аммо глобал инқирознинг олдини олиш учун зарур кенг кўламли ҳамкорликни таъминлашга ожиз. Асосий хавф ҳам айнан шунда.

Мусулмон Зиё, ЎзА