Яқинда Франция пойтахти Париж шаҳрида пара енгил атлетика бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Т11 узунликка сакраш бўйича иштирок этиб, мусобақанинг илк кунлариданоқ олтин медални нақд қилиб қўйган қашқадарёлик пара енгил атлетика бўйича Жаҳон чемпиони Асила Мирзаёрова бугун Қарши темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси раҳбарияти ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. 24 ёшли спортчи Асила Мирзаёрова узунликка сакраш бўйича ихтисослашган ўзбек паралимпиячиси. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. 2020 йилги ёзги Паралимпия ўйинларининг кумуш медали, Ёзги Параосиё ўйинларининг бронза медали совриндори. У жаҳон чемпионатидаги ушбу натижаси орқали келгуси йил Парижда бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги Паралимпия ўйинларига лицензияни ҳам қўлга киритди. Шу билан бирга у амалдаги Осиё рекордини янгилади.
Шахсий каръерасини 2016 йилдан мураббийи Сардор Абдухолиқов қўл остида Паралимпия атлетикаси билан шуғулланишдан бошлаган. 2017 йилдан бошлаб у халқаро мусобақаларда қатнаша бошлади. Ўша йили параатлетика бўйича Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиқди. Шу йили ўсмирлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида ҳам узунликка сакрашда олтин медални қўлга киритди. 2018 йилда Жакартада бўлиб ўтган ёзги Параосиё ўйинларида узунликка сакрашда 4,47 метр натижа билан бронза медалини қўлга киритган бўлса 2019 йилда Дубайда бўлиб ўтган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида 4,44 метр натижа билан еттинчи ўринни эгаллади.
Маълумот ўрнида, 15 ёшига қадар Асила мутлақ кўриш қобилиятига эга эди ва мусиқа мактабида фортепиано бўйича ўқиган. Бошидан олган жароҳати туфайли кўриш қобилиятини йўқотган ва кейинчалик спорт билан шуғуллана бошлаган. Ёш бўлишига қарамай кўплаб ютуқларни қўлга киритган спортчининг хизматлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилмоқда. Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон Президентининг фармони билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.