Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон чемпионатининг илк туридан сўнг гуруҳлардаги вазият қандай?
11:37 / 2025-11-06

Қатар мамлакати мезбонлик қилаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг биринчи тур баҳслари якунланди.

"A" гуруҳида Жанубий Африка Республикаси ва Италия терма жамоалари 3 очкодан тўплаб, 1–2-ўринларни эгаллади. Қатар ҳамда Боливия термалари 3–4-ўринларда қайд этилди.

"B" гуруҳида Португалия ва Япония илк турдаги ғалаба туфайли пешқадамликни қўлга олди. Марокаш ва Янги Каледония мағлубиятга учрагани сабабли гуруҳ жадвалида қуйи поғоналарни банд этди. "C" гуруҳида Бирлашган Араб Амирликлари, Коста-Рика, Хорватия ва Сенегал терма жамоалари бир очкодан тўплаб, голлар нисбатига кўра 1–4-ўринларга тақсимланди.

"D" гуруҳида Тунис ва Аргентина 3 очкодан тўплаб, 1–2-ўринларни эгаллади. Бельгия ҳамда Фижи термалари кейинги поғоналардан жой олди. "E" гуруҳида илк тур баҳсларида ғалаба қозонган Миср ва Венесуэла терма жамоалари 3 очкодан жамғарган. Гаити ва Англия термалари эса очкосиз қолди. "F" гуруҳида Швейцария ҳамда Жанубий Корея жамоалари 3 очкодан тўплаб, пешқадамлик қилмоқда. Мексика ва Кот-д’Ивуар эса мағлубият сабабли кейинги ўринларга тушиб қолди.

"G" гуруҳида Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) 3 очко билан яққол пешқадам ҳисобланади. Колумбия ва Германия бир очкодан тўплаган бўлса, Сальвадор ҳозирча очкосиз қолмоқда. "H" гуруҳида кутилганидек, Бразилия терма жамоаси Гондурасни, Замбия эса Индонезияни мағлуб этди ва биринчи турни ғалаба билан якунлади. "I" гуруҳида Чехия ва АҚШ термалари 3 очкодан тўплаб пешқадамлик қилмоқда. Буркина-Фасо ҳамда Тожикистон очкосиз қолган ҳолда гуруҳ жадвалида қуйи ўринларни эгаллади.

Биз учун муҳим бўлган "J" гуруҳида голлар нисбатига кўра Ирландия биринчи, Ўзбекистон терма жамоаси эса иккинчи ўринни банд этди. Парагвай ва Панама жамоалари мағлубиятдан сўнг қуйи поғоналарда жойлашди. "K" гуруҳида Франция ва Канада илк турни ғалаба билан якунлади. Уганда ҳамда Чили термалари эса мағлубият сабабли 3–4-ўринларга тушди. Жаҳон чемпионатининг сўнгги "L" гуруҳида Мали ва Австрия илк 3 очколарини қўлга киритди. Саудия Арабистони ва Янги Зеландия жамоалари эса 3–4-ўринларни банд этди.

Бугун, 6 ноябрь куни мундиалда "A", "B", "C" ва "D" гуруҳларида иккинчи тур учрашувлари старт олади.

• Боливия U-17 — Италия U-17 (17:30)

• Португалия U-17 — Марокаш U-17 (17:30)

• Япония U-17 — Янги Каледония U-17 (18:00)

• Аргентина U-17 — Тунис U-17 (18:30)

• Фижи U-17 — Бельгия U-17 (19:45)

• Бирлашган Араб Амирликлари U-17 — Хорватия U-17 (20:15)

• Қатар U-17 — Жанубий Африка U-17 (20:45)

• Сенегал U-17 — Коста-Рика U-17 (20:45)

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА