English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон чемпионатининг энг ҳаяжонли онлари яқин
10:44 / 2022-12-28

Бугун, 28 декабрь куни Алматида давом этаётган нуфузли мусобақада шахматнинг рапид йўналиши бўйича янги жаҳон чемпиони аниқланади. У ким бўлади? Магнус Карлсенми, Абдусатторовми ёки ёш гроссмейстер Винсент Кеймерми?

Кун давомида чемпионлик учун курашда шахматчилар 10, 11, 12 ва 13-тур учрашувларида қатнашади.  

Ортда қолган 9-тур якунларига кўра, тўққизта турда 7,5 очко жамғарган классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен етакчилик қилаётган бўлса, ундан кейинги ўринларни 7 очкога эга Владимир Федосеев, Нодирбек Абдусатторов ва 18 ёшли немис гроссмейстери Винсент Кеймер эгаллашган.  

Рапид йўналиши бўйича Жаҳон чемпионатининг 10-турида Магнус Карлсен 18 ёшли Кеймер билан учрашади.  

Терма жамоамиз аъзоларидан 5,5 очкога эга Нодирбек Ёқуббоев 30-ўринда, 5 очко билан Жавоҳир Синдоров 79, 4,5 очколи Шамсиддин Воҳидов 89, 4 очкодан жамғарган Муҳиддин Мадаминов 115, Жаҳонгир Воҳидов 123-қаторда жойлашган. Шунингдек, ёш шахматчиларимиз Муҳаммадзоҳид Суяров (3,5) ва Ҳумоюн Бекмуродов (3) ҳам 178 нафар иштирокчи орасида ўз маҳоратини намойиш қилмоқда.  

Жаҳон чемпионати баҳсларида қатнашаётган шахматчи қизларимиз ҳам маълум натижаларни қайд этмоқда. Улар орасида Умида Омонова 4-тур кўрсаткичларига кўра, 3 та ғалаба ва 1 та дурангга эришиб, 4,5 очко билан 40-ўринга кўтарилган бўлса, Нафиса Мўминова 8 имкониятдан 4 очко жамғарди ва қўшимча кўрсаткичларга кўра 98 нафар иштирокчи орасида 44-поғонани эгаллаб турибди. Афрўза Ҳамдамова эса 3,5 очко билан 64-ўринда ҳаракатланмоқда.  

Нима бўлганда ҳам жаҳон чемпионатининг рапид йўналишидаги энг ҳаяжонли онлари яқин. Нодирбек Абдусатторов ўтган йилги шов-шувли натижани такрорлашига ярим қадам қолган. Истагимиз, бу одим қутлуғ ва шарафли бўлажак.  

 

Т. Рўзиев, ЎзА