Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон чемпионатини Ўзбекистон вакили бошқаради
17:54 / 2021-08-26

Эртага мамлакатимиз самбочилари 28-29 август кунлари Кипр давлатининг Ларика шаҳрида соҳил(пляж) самбоси бўйича бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетади.

Эътиборли жиҳати, Халқаро самбо федерацияси (ФИАС) томонидан мазкур нуфузли мусобақанинг бош ҳаками этиб ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакам Ислом Одилов белгиланган.

Куни кеча у билан учрашиб, соҳил самбоси бўйича ўтадиган жаҳон чемпионати ва унда иштирок этадиган давлатлар ва албатта ўзбекистонлик спортчиларнинг мазкур чемпионатдаги қатнашуви хусусида суҳбатлашдик.

–Жаҳон чемпионатларини бошқариш ўзбекистонлик мутахассисларга топширилаётганлигидан хурсандмиз. Айтингчи, бу ҳақда ФИАСдагилар сизга қачон айтишди?

–Соҳил самбоси бўйича жаҳон чемпионатининг бош ҳаками сифатида ишлашим ФИАС ижроқўмининг ўтган йилги йиғилишида тасдиқланган эди. Фақат бу янгиликни токи жаҳон чемпионатининг Низоми тасдиқланмагунча эълон қилмагандик. Ўзи аслида бундай даражадаги мусобақаларнинг бир қанчасида бош ҳакам сифатида фаолият кўрсатганман. Масалан, 2018 йилги ёшлар ўртасидаги ва ўтган йили Сербияда самбо бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатининг бош ҳаками бўлиб ишлаганман.  

–Соҳил самбоси бўйича ўтадиган жаҳон чемпионатининг бошқа чемпионатлардан фарқи борми?

–Биласизки, самбо мусобақалари асосан гиламда ўтказилади. Бундай вазиятда ҳаммаси тушунарли. Тартиб, спортчи ва мураббийларнинг белгиланган жойлари, ҳакамларнинг ҳатти-ҳаракати, қўйингки, ҳаммаси ишлаб чиқилган қонун-қоида асосида ўтказилади. Соҳил самбоси бўйича ўтаётган мазкур чемпионат биринчи бор ташкиллаштирилмоқда. Қонун-қоидалар тасдиқланган самбо қоидалари бўйича бўлиб ўтади. Биринчи бор ўтказилаётганлигини эътиборга олсак, озгина ноқулайлик, спортчи, мураббий ва ҳакамларнинг ҳаракатида кўзга ташланмас  жуъзий ўзгаришлар бўлиши мумкин. Чунки қумдаги ҳаракат билан гиламдаги ҳаракатнинг ўртасида катта фарқ бор, албатта.  

–Нечта мамлакат қатнашиши кутилмоқда?

–Жорий йилнинг 15 августигача буюртмалар қабул қилиниб бўлинди. ФИАСдаги мусобақаларни ўтказиш бўлимидан хабар беришича, 50 тага яқин давлатнинг самбо федерациялари тасдиқланган таркибини жўнатишган. Аммо бу ҳамма иштирок этади, дегани эмас. Боиси, ҳозирги эпидемиологик вазиятда кимлар кела олиши ё кела олмаслигини олдиндан айтиб бўлмайди.

–Жаҳон чемпионати қайси вазн тоифаларида ўтказилади?

–Чемпионат 28-29 август кунлари бўлиб ўтади. Ўғил болалар 58 кг, 71 кг, 88 кг, +88 кг.да баҳслашса, хотин-қизлар 50 кг, 59 кг, 72 кг, +72 кг.да чемпионлик учун курашишади.

–Рўйхатда Ўзбекистон самбочилари ҳам борми?

–Ўзбекистон томонидан йўлланган буюртмада 58 килограммда Миршод Жабборов, 71 килограммда Амрилло Мадиев, 88 кг.да Ойбек Дўстмуродов, 79 кг.да Ботиржон Аноров қайд этилган.

Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди.