Ўзбекистон спорт тарихида яна бир шонли саҳифа ёзилди. Яқинда Япония пойтахти Токио шаҳри мезбонлик қилган шотокан каратэ-до бўйича жаҳон чемпионатида ҳамюртларимиз жаҳон аренасида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Бир ҳафта давомида дунёнинг 30 дан зиёд давлатидан 600 га яқин маҳоратли спортчиларни ўзига чорлаган кунчиқар ўлканинг нуфузли ареналарида шиддатли ва муросасиз жанглар кечди. Ҳар бир машғулотда нафақат жисмоний, балки маънавий ва руҳий тайёргарликка ҳам катта эътибор қаратилиб, бунда спортчиларимиз ўз интизоми, эҳтироми ва меҳнатсеварлиги билан ажралиб турди.

Мусобақанинг масъулиятли ва ҳаяжонли лаҳзаларидан бири – “1-дан” қора белбоғ имтиҳонлари бўлди. Бу синов каратэ дунёсида маҳоратнинг янги босқичига кўтарилиш рамзи ҳисобланади. Мамлакатимизнинг етти нафари имтиҳонни муваффақиятли топшириб, халқаро сертификатлар билан тақдирланди. Жаҳон чемпионатида кутилганидек, 23 нафар спортчимиз чинакам фидойилик ва ирода намунасини кўрсатди.
Умумий ҳисобда 15 та олтин, 9 та кумуш ва 9 та бронза, жами 33 та медаль қўлга киритилди. Қувонарлиси шундаки, Ўзбекистон шотокан каратэ-до ассоциацияси асосчиси ва бош мураббийи Ҳўжамқул Ҳўжақулов жаҳон шотокан каратэ-до федерациясининг ижроия қўмитаси томонидан “8-дан” даражасига лойиқ кўрилди.

Эътироф этиш жоиз, жаҳон чемпионатида Наманган вилояти шотокан каратэ-до ассоциацияси вице-президенти, қора белбоғ соҳиби Илҳомжон Қосимов бошчилигида қатнашган шарқона яккакураш усталари юртимиз спорт делегациясининг ажойиб ютуқларига муносиб ҳисса қўшдилар. Мусобақада барча рақибларидан устун келган Наманган шаҳарлик Асадбек Каримов ва Поп туманидан Фарруҳбек Мавжудалиев олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди. Яна бир поплик спортчи қиз Нозлигул Адҳамова финалгача етиб, кумуш медали билан тақдирланди.
Шу тариқа, музаффар спортчиларимиз жаҳон саҳнасида фахр билан ғалаба байроғини Япония осмонида баланд кўтариб, Янги Ўзбекистон номи ва шарафини юксак поғонага олиб чиқдилар.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.