Самарқанд эшкак эшиш каналида 23 август куни бошланган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати бугун якунланди.
Дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан 500 нафарга яқин спортчи иштирок этган чемпионат юртимизда илк бор ўтказилгани билан тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Спортчилар уч кун давомида 200, 500, 1000 ҳамда 5000 метр масофаларда ўзаро беллашдилар.
24 август куни 1000 ва 500 метр масофалардаги пойгаларда С1 аёллар, С2 эркаклар ва К2 дастурида эркаклар ва аёллар жуфтлиги ғолиблари аниқланган бўлса, бугун чемпионатнинг сўнгги финал баҳсларида эшкак эшувчилар 4 та дастур бўйича 5000 метр масофада ўз имкониятларини кўрсатдилар.
Мусобақалар натижасига кўра, Халқаро каноэ федерацияси (ICF) байроғи остида ҳаракат қилган спортчилар умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди. Шунингдек, чемпионат давомида Венгрия, Португалия, Хитой, Германия, Испания ҳамда Польша мамлакатлари спортчилари шоҳсупага кўтарилди.
Афсуски, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига медаллар насиб этмади. Каноэчимиз Нурислом Тўхтасин ўғли шоҳсупага кўтарилишга жуда яқин келди. Бироқ у якунда марра чизиғини тўртинчи бўлиб кесиб ўтди.
Аёллар ўртасидаги пойгада Дилноза Раҳматова ўнинчи натижани қайд этди. Худди шу масофада байдаркачилар ўртасидаги беллашувда Ярослав Славгородский ўн учинчи кўрсаткичга эга бўлди. Аёллар баҳсида яна бир спортчимиз Шаҳризода Мавлонова финишга етиб кела олмади.
Чемпионат ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари