Хитойда тош кўтариш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоада 2-ўринни эгаллади.
Ўттизга яқин давлатдан 540 нафардан зиёд полвонлар қатнашган жаҳон чемпионатида Воҳиддин Нажмиддинов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари баҳсларни кўтаринки руҳда ўтказди.
Мусобақанинг эстафета силтаб кўтариш баҳсларида Шавкат Тўраев, Шоҳруҳ Усмонов, Ғайрат Жабборов, Наврўзбек Охунжонов, Умиджон Собиров, Ойбек Эламонов, Аҳаджон Маматов ва Жавоҳир Эшмаматов рақибларини доғда қолдирган ҳолда 1-ўриндан жой олди.

Шунингдек, маҳоратли полвонларимиздан Х.Саидназаров (63 кг.), А.Рўзибоев (68 кг.), Ш.Содиқов (78 кг.), М.Ҳамдамов (85 кг.), Ж.Худойқулов (95 кг.), Р.Неъматов (90 кг.), М.Жамилов (+95 кг.), Б.Тошқувватов (+95 кг.) ва Ж.Қурбонов (90 кг.) ўз йўналишларида ғолиб ва совриндорликка эришди.
Жаҳон чемпионатида 17 та олтин, 5 та кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритган ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. Россия вакиллари биринчи, австралиялик спортчилар учинчи ўринга эгалик қилди.
Т.Рўзиев, ЎзА