Арманистоннинг Ереван шаҳрида хоккей бўйича катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг IV дивизионида иккинчи тур учрашувлари якунланди.
Унда мезбон Арманистон терма жамоасига қарши музга чиққан Ўзбекистон термаси ўйиннинг асосий ҳамда қўшимча таймини 2:2 ҳисобида якунлади. Афсуски, буллитлар сериясида арманистонлик хоккейчиларнинг қўли баланд келди ва ғалабани илиб кетди.

Шунингдек, гуруҳда Кувайт 15:6 ҳисобида Индонезияни таслим этган бўлса, Эрон ва Малайзия баҳси 5:1 ҳисобида тугади.

Шу тариқа иккинчи тур якунларига кўра, Арманистон дивизионда 6 очко билан пешқадамга айланди. Ўзбекистон терма жамоаси эса 5 очко жамғариб, иккинчи ўриндан жой олди. Эрон, Кувайт ва Индонезия термалари 3 очко жамғариб, 3-5-поғоналарда қайд этилди. Малайзиялик хоккейчилар эса очкосиз сўнгги ўринда бормоқда.
Энди Ўзбекистон терма жамоаси 16 апрель учинчи тур доирасида Эрон билан рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА