Жаҳон чемпионати: Уч дақиқалик танаффус жорий этилади
Шу кунларда 2026 йил 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиладиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида турли янгиликлар эълон қилинмоқда.
ФИФА маълумотига кўра, мазкур мундиалда ҳар бир бўлим давомида футболчилар учун гидратация мақсадида уч дақиқалик танаффус жорий этилади. Янги тартибга мувофиқ, чемпионатдаги барча учрашувларнинг 22-дақиқасида ҳакам ўйинни тўхтатиб, футболчиларга сув ичиш ва организмдаги сув миқдорини тиклаш имконини яратади.
Танаффуслар ҳаво ҳарорати ёки бошқа ташқи шароитлардан қатъи назар амал қилади. Жараённинг бошланиши ва якунланиши ҳакамнинг махсус ҳуштаги орқали белгилаб борилади.
Маълумот ўрнида, Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк бор қатнашади. Терма жамоамиз “К” гуруҳида иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА