Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон чемпионати совриндорлари муносиб кутиб олинди
22:38 / 2025-05-16

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида пара дзюдо бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ана шундай тарихий натижа қайд этган музаффар пара дзюдочиларимизни тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.  

Унда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва турли спорт жамоатчилиги вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спортчиларнинг оила аъзолари иштирок этди. Тадбирда иштирок этган мутасаддилар пара спортчиларимизни нуфузли мусобақадаги муваффақиятли иштироки билан табриклаб, келгуси фаолиятларига омад тиладилар.  

Дунё биринчилигида 37 мамлакатдан жами 220 нафар пара дзюдочи иштирок этди. Унда вакилларимиз J1 ва  J2 тоифасида шоҳсупага кўтарилди.

Жумладан, вазни -60 кг. бўлган Улжон Амриева J1 тоифасидаги баҳсларнинг барчасида ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди. Ушбу натижа билан Улжон Амриева жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилган тарихдаги биринчи ўзбекистонлик кўзи ожиз пара дзюдочига айланди.  

Шунингдек, -64 кг. вазндаги дзюдочилар орасида Кемран Нуриллаев (J2) ҳам делегациямиз ҳисобига олтин медаль келтирган бўлса, финалга қадар муваффақиятли иштирок этган Шерзод Намозов (-64 кг. J2) ва Давурхон Кароматов (-95 кг. J2) кумуш медаль билан тақдирланди. Моҳинур Фармонова (+70 кг. J2) бронза медалига эга чиқди.  

– Бу галги жаҳон чемпионати делегациямиз учун муваффақиятли ўтди. Айниқса, мен учун. Мусобақанинг J1 таснифида ўтган беллашувларда ғолиб чиққан ҳолда ўз йўналишим бўйича мамлакатимиз хотин-қизлари орасида илк жаҳон чемпионига айландим, – дейди Улжон Амриева. – Мазкур муваффақиятлар замирида биз пара спортчиларга давлатимиз томонидан қаратилаётган улкан эътибор ётибди. Ҳар бир мусобақа олдидан пухта тайёргарлик кўрмоқдамиз, шунингдек, ушбу тайёргарлик жараёнларида бизга барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Келгусида бунданда улкан ютуқларга эришиш учун бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.  

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА