Бугун, 30 декабрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида аёллар ҳамда эркаклар ўртасида рапид ва блиц йўналишида FIDE жаҳон чемпионатининг сўнгги кунги баҳслари ташкил этилади.
Кеча 70 дан зиёд давлатнинг 394 нафар шахматчиси иштирок этаётган жаҳон чемпионатининг блиц йўналишида дастлабки баҳслар бўлиб ўтди.
Дунёнинг энг кучли шахматчилари иштирокидаги очиқ мусобақаларда 1-13 тур ўйинлари, аёллар гуруҳида эса 1-10 тур баҳслари ортда қолди.

Айнан ушбу турлардаги баҳслар қайси шахматчилар совринли ўринларга даъвогарлик қила олиши мумкинлигини кўрсатиб бергани билан аҳамиятли бўлди.
Нуфузли чемпионатда қатнашаётган шахматчиларимиздан Нодирбек Абдусатторов 13 та турда 9 очко жамғариб, кучли ўнликда ҳаракатланмоқда. Жавоҳир Синдоров эса 8,5 очко билан 252 нафар қатнашчи орасида 25-поғонада бормоқда.
Блиц мусобақаларида ҳиндистонлик Аржун Эригаиси, франциялик Максим Вашье-Лаграв, АҚШ вакили Фабиано Каруана 10 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Улардан кейинги поғонада бораётган 6 нафар шахматчида 9,5, 11 нафарида 9 очко мавжуд.

Кўриниб турибдики, кучли йигирматаликда ҳаракатланаётганлар блиц бўйича жаҳон чемпионатининг бош совринига даъвогарлик қилади.
Аёллар ўртасидаги мусобақаларда қатнашаётган ҳамюртимиз Умида Омонова блиц баҳсларида ўзбек шахматчи қизларининг салоҳиятини кўрсатди, десак муболаға бўлмайди.
Омонова кеча ўтган 10 та турнинг 8 тасида ғалабага эришди, 2 тасида имкониятни бой берди ва 8 очко билан 140 нафар иштирокчи орасида 3-ўринга кўтарилиб олди.
Бугун кун давомида очиқ мусобақаларда 14-19-турлар, ярим финал ва финал баҳслари, аёллар гуруҳида 11-15-турлар ҳамда ярим финал ва финал "жанглари" орқали совриндорлар номига аниқлик киритилади.

Т.Рўзиев, ЎзА