Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон чемпионати саралаши: гуруҳларда вазият қандай?
10:01 / 2024-09-11

Хабарингиз бор куни кеча Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг иккинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу турдан сўнг “A”, “B” ва “C” гуруҳларида икки учрашув якунларига кўра кучли терма жамоалар саралана бошлади.

Иккинчи турдан сўнг барча гуруҳлардаги вазият ҳақида маълумот бериб ўтишни лозим кўрдик.  

Дастлаб “A” гуруҳида қайд этилган натижаларга эътибор қаратсак. Бишкек шаҳридаги «Долен Омурзаков» стадионида ташкил этилган Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги баҳс 2:3 ҳисобида якунланди.    

Қирғизистон терма жамоаси икки турда мағлуб бўлган бўлса-да, ушбу жамоа гуруҳдаги икки фаворит Ўзбекистон ва Эронга қарши ўйинларда сифатли ўйин намойиш этганини эътироф этиш лозим. Бироқ, футбол қоидаларида яхши ўйин намойиш этишнинг ўзигина кейинги босқичга ўтиш имконини бермайди. Унда фақат ғалаба қозониш аҳамиятли.  

Осиё қитъасининг амалдаги чемпиони Қатарнинг саралаш баҳслари аввалида гуруҳдан чиқиш имкониятлари юқори баҳоланаётган эди. Аммо бу жамоа икки турда бор йўғи бир очко жамғарди. Дастлабки турдаги мағлубият аламини олиш мақсадида майдонга тушиши кутилган Қатар кутилмаганда сафарда КХДР билан 2:2 ҳисобида дурангга имзо чекди.  

Ўзбек футбол мухлислари бу натижадан қувонаётган бир пайтда БАА ўз майдонида Эронга 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва терма жамоамиз учун кутилган натижа қайд этилди. Учрашувдаги ягона гол биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Меҳди Гайеди томонидан киритилди.  

Ушбу натижалардан сўнг Ўзбекистон ва Эрон 6 очко жамғарган ҳолда гуруҳнинг биринчи ва иккинчи ўрнидан жой олди. БАА эса 3 очко билан учинчи поғонада қолди. КХДР ва Қатар термалари 1 очко жамғариб, 4-5-ўринга жойлашган бўлса, Қирғизистон терма жамоаси икки мағлубият эвазига сўнгги поғонада бормоқда.  

“B” гуруҳида ҳам навбатдаги босқичга чиқиш учун Жанубий Корея, Иордания ва Ироқ асосий даъвогарлар қаторида бормоқда.    

Мазкур гуруҳдаги иккинчи турда Иордания 3:1 ҳисобида Фаластиндан устун келган бўлса, худди шу ҳисобда Жанубий Корея сафарда Ўмонни доғда қолдирди. Ироқ ва Қувайт термалари баҳсида ҳисоб очилмади.  

Ушбу натижалардан сўнг, Иордания, Жанубий Корея ва Ироқ 4 очко жамғарган ҳолда кучли учликка жойлашди. Икки турда дуранг ўйнаган Қувайт 4, Фаластин эса 1 очко билан 5-поғонадан ўрин олди. Ўмон эса ҳали бирорта ҳам очко тўплай олмади.  

“C” гуруҳида яққол фаворит кутилганидек Япония терма жамоаси бўлди. Ушбу жамоа бу турда ҳам йирик ғалабага эришди. Аниқроғи, биринчи турда ўз майдонида Хитойни 7:0 ҳисобида таслим қилган “самурайлар”, бу гал сафарда Баҳрайнни 5:0 ҳисобида енгди.    

Шунингдек, Саудия Арабистони ҳам сафарда Хитой устидан 2:1 ҳисобида зафар қучган бўлса, Индонезия ва Австралия учрашуви 0:0 ҳисобида якунланди.  

Айни вақтда Япония 6 очко билан гуруҳда карвонбошилик қилаётган бўлса, Саудия Арабистони 4 очко билан унинг ортидан бормоқда. Баҳрайн термаси 3 очко билан учинчи ўринга жойлашди. Индонезия 2 очко жамғариб, 4-поғонани эгаллади. Австралия ҳисобида бир очко мавжуд ва ушбу жамоа 5-ўриндан жой олган. Хитой жамоасида очко йўқ.  

Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг навбатдаги тури 10 октябрь куни бўлиб ўтади. Унда қуйидаги ўйинлар ўтказилади:  

“A”: Ўзбекистон – Эрон, Қатар – Қирғизистон, БАА – КХДР;  

“B”: Иордания – Жанубий Корея, Ўмон – Қувайт, Ироқ – Фаластин;  

“C”:  Саудия Арабистони – Япония, Австралия – Хитой, Баҳрайн – Индонезия.  

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА