Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон чемпионати: Футболчиларимизни муҳим ўйин кутмоқда
09:59 / 2025-11-08

Қатар майдонларида футбол бўйича U17 ёш тоифасида ўтаётган Жаҳон чемпионатида "E", "F", "G" ва "H" гуруҳларида 2-тур ўйинлари ўтказилди.

Мундиалнинг "E" гуруҳида Миср ва Венесуэла терма жамоалари 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади ва 4 очкодан жамғариб, 1-2 ўринларни банд этди. Англия термаси 8:1 ҳисобида Гаитини енгиб, 3 очко билан учинчи ўринга кўтарилиб олди.  

"F" гуруҳида Швейцария ҳамда Жанубий Корея ўртасидаги ўйинда ҳисоб очилмади. Натижада бу жамоалар 4 очко тўплаган ҳолда пешқадамликни давом эттирадиган бўлди. Мексика эса 1:0 ҳисобида Кот-д’Ивуарни енгди ҳамда илк 3 очкога эга бўлиб, жадвалнинг учинчи ўрнига чиқди.

"G" гуруҳида Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) Германия билан 1:1 ўйнади. Сальвадор ва Колумбия термалари баҳси 0:0 ҳисобида якунланди.  

Шу тариқа, КХДР 4 очко билан гуруҳда карвонбошига айланди. Германия ва Колумбия 2 очкодан тўплаган ҳолда 2-3 ўринда қолган бўлса, Сальвадор ҳозирча очкосиз 4-ўринда бормоқда.

Бразилия терма жамоаси "H" гуруҳидаги иккинчи турда Индонезияни 4:0 ҳисобида таслим этиб, очколарини 6 тага етказди. Замбия эса 5:2 ҳисобида Гондурас устидан зафар қучиб, 6 очко тўплаб голлар нисбатига кўра 2-поғонада қайт этилди. Ушбу учрашувларда мағлуб бўлган терма жамоалар ҳисобида бирорта ҳам очко йўқлиги сабабли, 3-4 ўриндан жой олди.

Бугун, 8 ноябрь куни 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилаётган Жаҳон чемпионати доирасида қуйидаги учрашувлар бўлиб ўтади:

17:30: Чехия — Буркина-Фасо, Уганда — Чили;

18:00: Мали — Австрия;

18:30: Франция — Канада;

19:45: АҚШ — Тожикистон;

20:15: Парагвай — Панама;

20:45: Ирландия — Ўзбекистон, Саудия Арабистони — Янги Зеландия.

Маълумот ўрнида:  "J" гуруҳидан жой олган Ирландия ва Ўзбекистон U17 терма жамоалари бир хил - 3 очкога эга бўлиб, голлар нисбатига кўра, 1-2 ўринда бормоқда. Мазкур учрашув ғолиби 6 очкога эга бўлиб мундиалнинг навбатдаги босқичига йўл олади.  

Сабаби, Парагвай ва Панама терма жамоалари илк турдаги мағлубият эвазига очкосиз қолган бўлиб, бугунги ўйинда улардан бири ғолиб бўлса ҳам гуруҳ пешқадамларидан ўзаро ўйин натижасига кўра ортда қолади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА