English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон чарм-пойабзал бозоридаги йирик корхона юртимизда фаолият бошлайди
15:22 / 2025-08-27

Жаҳон чарм-пойабзал бозоридаги йирик тармоқлардан бири – Хитойнинг “Red Dragon Fly” бренди келгуси йилга мўлжалланган инвестиция стратегиясида Ўзбекистонга алоҳида ўрин берди. Бу ҳақда компания раҳбарияти билан “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Акбар Султановнинг Хитойга ташрифи доирасида ўтказилган музокаралар чоғида маълум қилинди.

Мулоқотда асосий эътибор сармоявий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Ўзбекистон орқали маҳсулотларни бошқа мамлакатларга экспорт қилиш йўналишга қаратилди. Ушбу компания раҳбарияти Ўзбекистоннинг хомашё базаси, саноат инфратузилмаси ва географик жойлашуви жозибадор эканини таъкидлади. Шунингдек, дастлабки таҳлиллар якунига етгани ва мамлакатимиз компаниянинг инвестиция харитасига киритилгани қайд этилди.

“Red Dragon Fly” Хитой чарм-пойабзал саноатидаги йирик компаниялар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонга сармоя киритиш ниятини расмий эълон қилган бренд бўлди. Бу холат нафақат икки томонлама ҳамкорлик, балки Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи салоҳиятига ишонч рамзи сифатида ҳам аҳамият касб этади.

Мазкур компаниянинг Ўзбекистонга кириши бир неча стратегик афзалликларни тақдим этади. Юртимизнинг экспорт ҳажми ва географияси кенгаяди, Европа ва Яқин Шарқ бозорларига чиқиш имкониятлари яратилади.  

Юқори қўшилган қийматли маҳсулот бозорларимизга чиқади. Хомашё эмас, тайёр маҳсулот экспорт қилиниши катта иқтисодий самара келтиради.  

“Made in Uzbekistan” брендининг халқаро бренд билан ҳамкорлиги миллий маҳсулотимизнинг обрўси ва ишончини оширади. Компания сармоя киритиши туфайли мамлакатимиз иқтисодиётига наф келтириши баробарида қўшимча иш ўринлари яратилади. Замонавий ишлаб чиқариш ускуналари ва ноу-хаулар маҳаллий корхоналарга ўтади.

“Red Dragon Fly” брендининг Ўзбекистонга кириши – бу шунчаки сармоя эмас. Бу мамлакатимизнинг минтақавий саноат марказига айланиш йўлидаги яна бир муҳим қадам, хорижий сармоядорлар учун эса ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашдир.

Санжар Тошпўлатов, ЎзА