Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани узумчилик мактабини яратган ҳудуд сифатида юртимизда жуда машҳур.
Вилоятдаги 7834 гектар узум боғларидан 1498 гектари айнан мазкур туманда жойлашган. 2021 йилда вилоятда кутилаётган 153 880 тонна узум ҳосилининг 43 784 тонна қисми ҳам шу ерда етиштирилиши режалаштирилган. Яна бир эътиборли жиҳат куни кеча Фарғонада бошланган узум экспортида ҳам олтиариқлик меҳнаткашлар ташаббусни қўлга олишди.

Чунки Олтиариқ узумларига хорижий давлатларда талаб катта бўлмоқда. Шунинг учун эртапишар узум турлари пишиб етилиши биланоқ хорижга экспорт қилиш бошлаб юборилди. Меҳнатнинг роҳатини кўрадиган, узум сотиб валюта санайдиган пайтлар келди. Қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Россия, Украина, Польша каби давлатларга экспорт қилиш жараёнлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Муроджон Ҳусановга тегишли 500 тонна сиғимга эга совутгичларда йиғилган узумлар юк автомобилларига ортилиб, экспортга тайёрланмоқда.
-Бу гал қозоғистонлик харидорларга маҳсулотларни етказиб бермоқчимиз. Муҳими кўплаб юртдошларимиз мавсумда иш билан банд,- деди иш юритувчи Музаффар Мусаев.

Меҳнат қилган, ҳаракат қилган инсон яхши ҳаёт кечиради. Янгиараб қишлоғида яшовчи 80 ёшни қоралаган Иброҳим ота Йўлдошев фарзанд-у набираларига мана шундай насиҳат қилади. У кўп йиллар ёшларга таълим-тарбия берган. Бир пайтнинг ўзида узум етиштириш билан ҳам шуғулланган. Отахон яратган боғ кўрган кўзни яшнатади. Ҳавасингизни келтиради. Ёзги таътилни набиралар мана шу боғда ўтказишни хуш кўрадилар.

Отахоннинг эса ҳар бир сўзи ҳикмат. Ўтаётган кунга шукроналик, эртангги кунга умид билан тўлиб тошган. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кексаларимиз орзу-истакларига ҳамоҳанг тарзда кечаётгани янада қувонарли. Иброҳим ота Йўлдошев каби меҳнаткаш, фидойи боғбонлар яратган “Фарғона тажрибаси”, Олтиариқ узумчилик мактаби элимиз дастурхони тўкин, халқимиз турмуш шароитлари фаровон бўлишига хизмат қилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА