Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Ўзбекистонда
12:44 / 2022-11-18

Самарқанд шаҳрида ўз ишини бошлайдиган “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича: “Глобал дарвоза” конференциясида иштирок этиш учун мамлакатимизга Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия ташриф буюрди.

 Давлат божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов юқори мартабали меҳмонни Самарқанд халқаро аэропортида жорий йилдан ишга туширилган “Божхоначисиз назорат” тизими билан яқиндан таништирди. 
 
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва жозибадорлиги тобора ошиб бормоқда. Пировардида, мамлакатга амалга оширилаётган хорижий авиақатновлар ва ташриф буюраётган чет эллик сайёҳлар сони ҳам жадал ўсмоқда. Бундай вазият халқаро аэропортларда божхона назоратини янада тезкор ва самарали амалга оширишни тақозо этади. 


 
Шу мақсадда, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, мамлакатимизда илк бора Самарқанднинг янги замонавий халқаро аэропортида “Масофавий божхона назорати” ёки содда қилиб айтганда "Божхоначисиз назорат" тизими ишга туширилди. 
 
Янги тизим назорат камералари ва парвоз ҳақидаги олдиндан олинган маълумотларни таҳлил қилиш орқали йўловчилар ва уларнинг юкларини билвосита божхона назоратидан ўтказиш имконини беради. 
 
Шунингдек, чет эллик сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида ички ҳудудда “Duty free” – божсиз савдо дўконлари ишга туширила бошланди. 
 
Аэропортда божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнларини кузатар экан, Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия Ўзбекистонда божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди ва ҳеч иккиланмасдан ташкилотга аъзо кўплаб мамлакатларга намуна сифатида кўрсатиш мумкинлигини қайд этди. 
 
Бош котибнинг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда. 

ЎзА