Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” номли 100 китобдан иборат асарлар мажмуасини нашр этиш масалаларига доир кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Республика болалар кутубхонаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вакиллари, ноширлар иштирок этди.

Йиғилишда асарлар мажмуасининг нашр концепцияси, унинг қамров географияси, шунингдек, “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари”ни нашрга тайёрлаш билан боғлиқ ташкилий масалалар, жумладан, Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорлик қилаётган қардош ва хорижий мамлакатларнинг адабий ташкилотлари билан материаллар тўплаш ва мажмуага киритилувчи асарларнинг муаллифлик ҳуқуқларини қўлга киритиш бўйича музокаралар юритиш, қайта нашр этилувчи китобларнинг электрон нусхаларини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур ижодий ташкилот ахборот хизматига кўра, “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” Ёзувчилар уюшмаси томонидан 2024-2026 йилларда нашрга тайёрланади. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан чоп этилади. Мажмуага жаҳоннинг бешта қитъаси (Европа, Осиё, Африка, Австралия, Америка) адабиёти вакилларининг болалар ва ўсмирлар учун ёзган шеърлари, ҳикоялари, эртаклари, қиссалари ва романлари киритилади.
Туркий халқлар, Шарқ мамлакатлари болалар адабиёти намуналарига алоҳида эътибор қаратилади.

Н.Усмонова, ЎзА