Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон учун 250 миллион долларлик кредитни маъқуллади. Мазкур маблағлар талабаларни молиялаштириш тизимини тубдан модернизация қилишга қаратилган EduImkon дастурини амалга оширишга йўналтирилади.
Бу ҳақида Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.
Уч йиллик дастур доирасида мамлакат бўйлаб 600 мингга яқин ёшлар таълим кредитига осон ва тенг асосда эга бўлиш имкониятига эришиши кутилмоқда.
Лойиҳа 2026-2028 йилларда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан амалга оширилади. Талабаларни молиялаштириш тизимини замонавийлаштириш, таълим кредитларини бошқариш, ажратиш жараёнларини рақамлаштириш, вазирлик ва идоралар ўртасида мувофиқлаштиришни кучайтириш қамраб олинади.
Дастур маблағларининг 80 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга йўналтирилади. Хотин-қизлар ва кам даромадли талабалар учун кредит мезонлари соддалаштирилади.
Қолаверса, меҳнат бозорига мос таълимни қўллаб-қувватлаш, STEM йўналишларини танлашни рағбатлантириш, таълим кредитлари тизимини молиявий барқарор қилиш, даромадга боғлиқ кредит тизими, ўқишни якунлаганидан сўнг вақтинча ишсиз қолган талабаларни қўллаб-қувватлаш, тўловлар талабанинг даромадига мос тарзда ҳисобланадиган янги механизм жорий этилади.
2028 йилга қадар олий, техник ва касб-ҳунар таълимида таҳсил олаётган 600 минг талабагача модернизация қилинган молиялаштириш тизими орқали таълим кредити ажратилиши режалаштирилган. Кредитлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда 12 та тижорат банки томонидан тақдим этилади.
EduImkon дастури доирасида қўшимча 30 млн. доллар хусусий капитал жалб этилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА