Жаҳон банки 2024 йил 9 майда “Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш йўли: халқаро таққослаш дастури хулосалари” ҳисоботини эълон қилди.
Унда Ўзбекистонда 2015 – 2022 йилларда камбағаллик даражаси 2 баробарга қисқаргани, Европа ва Марказий Осиё давлатлари ичида энг юқори натижага эришган мамлакатлардан бири экани қайд этилган.
Бунда ўрта даромадли мамлакатларнинг юқори гуруҳига кирувчи давлатлар учун фойдаланиладиган халқаро камбағаллик чегараси бўйича Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2015 йилдаги 35,9 фоиздан 2022 йилда 17,3 фоизгача пасайиб, 5,1 миллион аҳоли камбағаллик ҳолатидан чиқарилди.
Шу билан бирга, ҳисоботда миллий камбағаллик чегараси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизгача пасайгани таъкидланган. Жумладан, 2021-2023 йилларда қишлоқ жойларида 1,2 миллион аҳоли ва шаҳарларда 400 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган.
Ўз навбатида, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иқтисодчилари томонидан камбағалликнинг қисқариши ва аҳоли турмуш даражасининг ўзгаришини кўрсатувчи маълумотлар таҳлил қилинди. Хусусан, 2015-2023 йилларда уй хўжаликлар сони 6,2 миллионтадан 7,3 миллионтага етганига қарамасдан 2015 йилда 10 та уй хўжалигидан 4 тасида автомобиль бўлган бўлса, 2023 йилда мазкур кўрсаткич 6 тагача етди.
Шунингдек, ички бозорда сотилган янги енгил автомобиллар сони 2015-йилдаги 186 мингдан (маҳаллий и/ч – 178,4 мингта; импорт – 7,2 минг) 2023-йилда қарийб 500 мингтага (420 мингта; 80 мингта) етди. 2017-2023-йилларда 419 мингта фуқарога 67 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилиб, жами 358 мингта квартиралик янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 1991-2016 йилларда 105 мингта квартирали кўп қаватли уйлар қурилган. 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган кондиционерлар сони 2015 йилдаги 32 тадан 2023 йилда 47 тага етган. Бунда ўсиш 47 фоизни ташкил этади. Компьютерлар 47 тадан 66 тага (40%) ва чангютгичлар 53 тадан 71 тага етди (34%).
Интернет тармоғига уланган абонентлар сони 2015 йилдаги 8,3 миллионтадан 2022 йилга келиб, 26,7 миллионтага (3,2 баравар) етиб, аҳолини интернет хизматлари билан қамров 26 фоиздан 71 фоизга ёки 15 ёшдан юқори аҳоли сонига нисбатан тўлиқ қамраб олинди.
Аҳоли даромадларининг ошиши хусусий мактабларга бўлган талабни рағбатлантириб, уларнинг сонини 2018 йилдаги 30 тадан 2023 йилга келиб 350 тагача ошириш имконини берди.
Олий таълим муассасаларида талабалар сони 2016/2017-ўқув йилидаги 270 минг нафардан 2023/2024-ўқув йилида 1,4 миллион нафарга етиб, олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизгача ошди. Шунингдек, 2018-2023-йилларда 26 мингдан зиёд нодавлат боғчалар ташкил этилиб, ҳозирда уларда 788 минг нафар бола мактабгача таълимга жалб қилинди. Натижада мактабгача таълим қамрови даражаси 2017 йилдаги 25,4 фоиздан 2023 йилда 74,4 фоизга етди.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, туризм мақсадларида хорижга чиққан фуқаролар сони 2016 йилдаги 295 минг кишидан 2023 йилга келиб 661 минг кишига (ўсиш – 2,2 баравар), туризм хизматлари импорти 340 миллион доллардан 1,3 миллиард долларга етди.
Бунда, “Ҳаж” ва “Умра” сафарига борувчи аҳоли 2016 йилдаги 13 минг нафардан 2023 йилда 115 минг нафарга етиб, сўнгги 8 йил ичида 537 минг зиёратчи Саудия Арабистонига ташриф буюрди. Шу билан бирга, биргина Туркия шаҳарларига Ўзбекистондан ҳафтасига ўртача рейслар сони 2016 йилда 10 тани ташкил этган бўлса, 2023 йилда мазкур кўрсаткич 90 тага етди.
2015–2023 йилларда меҳмонхоналарга ташриф буюрувчилар сони 1 миллионга ошиб, мазкур даврда қўшимча 24,4 минг ўринлик 506 та меҳмонхона ишга туширилди.
2015–2023-йилларда ўртача ойлик иш ҳақи 4 баробарга, расмий секторда бандлар 5,3 миллиондан 6,5 миллионга ошди ҳамда 2020-2023 йилларда 2,5 миллиондан ортиқ аҳолининг ўзини-ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланди.
Фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 2016 йилдаги 491 мингтадан 2023 йилга келиб, 811 мингтага ёки 1,7 баробарга ошди. Шу билан бирга, 2022–2023-йилларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган қарийб 200 минг гектар ер майдони узоқ муддатли ижара асосида 675 мингта оилага ажратилди.
Умуман олганда аҳоли даромадларининг ошиши кредитлар ҳажмининг ўсишига замин яратиб, жисмоний шахсларга ажратилган кредит қолдиғи 2017 йилдаги 14 триллион сўмдан 2023 йилда 150 триллион сўмга етди ёки 11 баробарга ошди.
Аҳолини масофавий банк хизматлари билан қамраб олиш 2019 йилдаги 10 миллион фойдаланувчидан 2023 йилда 44 миллионгача ўсди. Жон бошига кунлик даромад харид қобилияти паритети бўйича 2017 йил нархларида кунига 6,85 долларни ташкил этган.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь-декабрь ойларида аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажмида Тошкент шаҳри (44 миллион 427,9 минг сўм) ҳамда Навоий (31 миллион 445,6 минг сўм), Бухоро (23 миллион 480,3 минг сўм) ва Тошкент (20 миллион 730,2 минг сўм) ва Хоразм (20 миллион 076,6 минг сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилгани кузатилган.
Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг реал ўсиши эса ўтган йили 102,4 фоизни ташкил этди. Худди шу кўрсаткич 2022 йилнинг январь-декабрь ҳолатига 107,3 фоизни ташкил этган.
Маълумот учун, аҳолининг реал умумий даромадлари – аҳолининг номинал умумий даромадларини тегишли давр учун истеъмол нархлари индексига бўлиш йўли билан ҳисобланади.
Аҳолининг умумий даромадлари ҳажми сезиларли даражада ўсиши асосан умумий даромадлар таркибида 29,7 фоиз улушга эга бўлган ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва 34,3 фоиз улушга эга мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар ҳамда 26,7 фоизни ташкил этувчи трансфертлардан олинган даромадларнинг сезиларли ўзгариши ҳисобига юзага келган.
Жорий йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон Республикаси аҳоли жон бошига умумий даромадлари 4,7 миллион сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ўсиш суръати 109,2 фоиз.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА