Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон банки “Энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” лойиҳаси учун грант маблағ ажратди
13:54 / 2024-06-13

2023 йил 8 августда “Жаҳон банки иштирокида “энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган.

Ушбу ҳужжатга асосан мамлакатимизда Жаҳон банки кўмагида “Энергетика ислоҳотлари учун инновацион углерод ресурсларини қўллаш” (iCRAFT) лойиҳаси амалга оширилмоқда.  

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, лойиҳа учун Жаҳон банки томонидан 7,5 миллион АҚШ доллари миқдорида 1-транш маблағлари ажратилди.  

Ушбу маблағ   “Қисқартирилган эмиссияларни сотиб олиш шартномаси” (ERPA) компоненти доирасидаги ислоҳотларни, хусусан, энергия тарифлари ислоҳотида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига бўлган таъсирини юмшатиш ва уларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган.    

1-транш маблағлари халқаро иссиқхона газлари савдоси симуляцияси сифатида Ўзбекистонга қайтариладиган ва қисқартирилган иссиқхона газлари эмиссияси учун ажратилган грант молияси ҳисобланади.  

“iCRAFT” лойиҳаси Ўзбекистонда Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган энергетика соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича дунёдаги биринчи глобал ташаббусдир. Бу ишлар натижасида иссиқхона газлари эмиссияларини камайтириш ва уларнинг бир қисмини халқаро бозорларда савдосини йўлга қўйиш кўзда тутилган.  

Қарорга кўра, ушбу ажратилган маблағлар республикани “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштириш, иссиқхона газлари чиқарилишини мониторинг қилиш тизимини ташкил қилиш, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ва “Ўзэнергосотиш” АЖ фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.  

Шунингдек, энергетика соҳасини тартибга солиш ва институционал ислоҳотларни амалга ошириш, қуёш панелларини ўрнатиб бериш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилаларни қўллаб-қуувватлашга қаратилган пилот лойиҳаларни амалга ошириш, мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш каби чора-тадбирлар молиялаштирилади.  

 

Н.Зиёдуллаева,  

ЎзА