2022 йилда дунё иқтисодиётининг ўсиш суръати 4,1 фоизгача пасаяди, Европа ва Марказий Осиёда ушбу кўрсаткич 3 фоизгача бўлади. Жаҳон банкининг БМТ янгиликлар марказида эълон қилинган маърузасида шу ҳақда айтилмоқда.
Экспертларнинг таъкидлашича, иқтисодий пасайиш биринчи навбатда, COVID-19 пандемия билан боғлиқ бўлади, шунингдек фискал қўллаб-қувватлашнинг қисқариши ва дунё бўйича маҳсулотлар етказиб беришдаги узилишлар ҳам иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади.
Маърузага кўра, келаси йили иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқариш ва инвестиция ҳажми пандемиягача бўлган даражагача чиқиши кутилмоқда. Энди шаклланаётган бозорларга эга ва иқтисодиёти ривожланаётган минтақалар эса 2022-2023 йилларга келиб пандемиягача бўлган ўн йилликнинг ўртача кўрсаткичларига қайтади.
Экспертларнинг қайд этишича, Европа ва Марказий Осиё минтақалари пандемиягача бўлган даражага чиқишга бошқа минтақалардан кўра яқинроқ, Жанубий Осиё минтақалари эса ушбу кўрсаткичдан анча узоқда.
Марказий Европада иқтисодий ўсиш 2022 йилда 4,7 фоиз даражасида бўлади, бироқ 2023 йилда бу кўрсаткич 3,7 фоизгача пасаяди. Шарқий Европада иқтисодий ўсиш суръати 2021 йилдаги 3,1 фоиздан 2022 йилда 1,4 фоизгача пасаяди ва яқин йилларда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг паст кўрсаткичга эга бўлади. Агар геосиёсий кескинлик чуқурлашиб кетмаса 2023 йилда улар 3,2 фоизгача кўтарилади.
2023 йилда иқтисодиётнинг тикланишига турли кўринишдаги хавфлар соя ташламоқда. Коронавируснинг янги вариантлари, инфляция ва молиявий силкинишлар шулар жумласидандир.
Экспертлар шунингдек, иқлим ўзгаришлари ҳам хомашё товарларининг жаҳон бозоридаги нархига салбий таъсир қилишини таъкидлашмоқда. Бундан ташқари, иқтисодий ўсишга пандемия оқибатида юзага келадиган тенгсизлик туфайли рўй бериши мумкин бўлган ижтимоий кескинликлар ҳам тўсқинлик қилиши мумкинлиги айтилмоқда.