Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров Жаҳон банки вакили Даниэла Фелкман билан учрашди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълум қилди.
Учрашувда Жаҳон банки билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган ислоҳотлар, қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёнида уларда коррупцион омилларга йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Хусусан, мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 90 га яқин, шундан бевосита коррупцияга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи 10 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги, шунингдек, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари, “Йўл хариталари” ва Дастурлар доирасида бир қатор ижобий ютуқларга эришилаётгани таъкидланди.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унда ишга киришга номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини ҳуқуқий тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳолаш мезонлари, уларнинг малакасини оширишга оид қатор нормалар белгиланди.
Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2022 йилда қабул қилинган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида коррупциядан холи мамлакат барпо этиш белгиланганлиги давлат идоралари, хусусан, парламент олдига бу борадаги ишларни амалга оширишда улкан масъулият юклайди.
Шунингдек, бугунги кунда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун парламентда муҳокама қилинаётган бўлса, “Давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани қайд этилди.
Учрашувда Жаҳон банки вакиллари томонидан “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича институционал салоҳиятини кучайтириш” мавзусидаги Банк лойихасининг мақсади ва кутилаётган натижалар тўғрисида батафсил маълумот берилди ва уларни амалга оширишда парламентнинг роли тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.
Учрашув якунида Жаҳон банки билан ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
ЎзА