Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон атом ҳафталиги – энергетика соҳасидаги муаммолар ечимида муҳим майдон (+видео)
21:31 / 2025-09-26

Жорий йилнинг 25-26 сентябрь кунлари Москва шаҳридаги Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси мажмуасида атом ва унга яқин соҳаларга бағишланган энг йирик тадбир – Жаҳон атом ҳафталиги (World Atomic Week) бўлиб ўтди.

Унда қатор давлатлар етакчилари, “Росатом” давлат корпорацияси масъуллари, атом дастурларини ривожлантираётган давлатлар раҳбарияти вакиллари, дунё миқёсидаги етакчи экспертлар ва йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Мазкур нуфузли тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак, “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев, Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси ва бошқалар сўзга чиқиб, атом саноатида эришилган ютуқлар ва бу борадаги ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб ўтди.

Таъкидлаш керакки, ҳафталикда 118 мамлакатдан 40 минг нафардан зиёд иштирокчи қатнашди. Бу эса дунё бўйича атом саноатининг равнақида муҳим босқич бўлганидан дарак беради. Чунки тадбирларда сўзга чиққан экспертларнинг сўзларига кўра, улар ўз давлатида атом соҳасини ривожлантириш борасида дастурларини татбиқ этиш чораларини кўрмоқда ва ушбу халқаро майдонда намойиш қилмоқда. 

“Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачевнинг қайд этишича, соҳа вакилларининг асосий вазифаси эртанги кунга биргаликда қадам қўйишдир. 

– Атом энергияси тоза, экологик ва “яшил” энергетика сифатида асосий манбага айланади. Бу жараёнда Россия, “Росатом” ва МАГАТЭ ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда. Биз Халқаро атом энергияси агентлигига кўп томонлама ҳамкорлик учун ҳам, икки томонлама лойиҳаларимизни қўллаб-қувватлагани учун ҳам миннатдормиз. Жаҳон ядровий уюшмаси “Росатом” билан алоқалар суръатини пасайтирмаяпти. Шу билан бирга, биз ўз атом саноатини ривожлантиришга қадам қўйган мамлакатларни ҳам ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз, – деди А.Лихачев.

“Ўзатом” агентлиги етакчи мутахассиси Шихназар Амонгелдиевнинг сўзларига кўра, ушбу ҳафталикда иштирок этиш ва тажрибалар билан ўртоқлашиш имконини беради. Шу боис, бу атом саноати ривожида муҳим глобал майдон бўлиб хизмат қилади.

– Биз тадбирга агентлик делегацияси билан иштирок этдик. Кўргазмада атом соҳасидаги ишларимизни намойиш қилдик. Очиғини айтиш керак, бу ҳафталикда қатнашишимиз бежим эмас. Чунки юртимизда атом соҳаси 60 йилдан буён ривожланиб келмоқда. Устозларимиз Убай Орипов, Содиқ Азимов, Улуғ Ғуломов, Беҳзод Йўлдошев каби атом энергетикаси соҳасига пойдевор қўйган етук ядро-физиклар бўлган. Биз уларнинг ишларини муносиб равишда давом эттиряпмиз ҳамда Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда илк атом электр станциясини қуриш лойиҳасини бошлаганмиз. Мазкур лойиҳа юртимизда электр энергиясига бўлган талабни қоплашда алоҳида ўрин тутади, –деди Шихназар Амонгелдиев. 

Ҳафталикда Беларусь Республикаси ҳам ўз атом саноатида эришган ютуқларини намойиш этди. Беларусь атом электр станцияси ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Эдуард Свирид айтиб ўтганидек,  атом электр станцияси фақат энергетикада эмас, балки фан, таълим, тиббиёт, саноат, транспорт ва бошқа соҳаларни ҳам ривожлантиришда катта роль ўйнамоқда.

–Биз Жаҳон атом ҳафталиги доирасида мамлакатимизнинг кўргазмали экспозициясини тақдим этдик. Бу ерда Беларусь атом электр станциясининг макетини ҳавола қилдик. У самарали ва хавфсиз ишлаб, ҳозирги кунда номинал қувватда фаолият юритмоқда. Номинал қувватда у мамлакатимиз учун зарур бўлган электр энергиясининг тахминан 40 фоизини ишлаб чиқаради, – деди Эдуард Свирид.

Хулоса қилиб айтганда, Жаҳон атом ҳафталиги иштирокчилар учун нафақат танишув, мулоқот ва тақдимотлар майдони, балки атом соҳасида келгуси режаларни аниқ белгилашда муҳим мақсадлар маконига айланди. Шу маънода, бутун дунё бўйича энергетикага талаб кундан-кунга ортиб бораётган бир даврда, ядро соҳаси бу эҳтиёжни қондиришда муҳим манбага айланиши шубҳасиз.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JIiKmmFO-4I" title="Jahon atom haftaligi – energetika sohasidagi muammolar yechimida muhim maydon" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Насиба Зиёдуллаева, Муқимжон Қодиров (видео, сурат), ЎзА

Россия, Москва шаҳри