Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон адабиётининг етук сиймоларига эҳтиром (+видео)
18:20 / 2024-02-12

Ироқлик ёзувчи ва тилшунос Саид Жассим Аз-Зубайдий Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллиги муносабати билан шеър битиб, ЎзАга тақдим этди.

Профессор кичик асарида Ўзбекистон диёридан чиққан буюк муҳаддислар Имом Ал-Бухорий, Имом Ат-Термизий, Имом Абу Ал-Мансур Ал-Мотурудий каби мўътабар мусулмон уламолари мероси саналмиш “Ал жомеъ ас-Саҳиҳ”, “Сунани Термизий”, “Таъвилот аҳли сунна”, “Фавоид” (Қоидалар), “Панднома”, “Китоб ал-Усул”, “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-Акбар” каби асарларни эҳтиром билан тилга олган.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mfe4oFvpfHg" title="Jahon adabiyotining yetuk siymolariga ehtirom" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

– Мовароуннаҳр, Марказий Осиё халқлари турли фалсафий, табиий, аниқ фанлар, адабиёт, санъат соҳаларида дунёга машҳур сиймолар, алломалар билан бирга жаҳонда ном қозонган шоирларни ҳам етиштириб чиқарган, – дейди ироқлик ёзувчи. – Ўзбек адабиёти ва маданияти тарихидаги улуғ сиймолардан бири Алишер Навоий “Низомиддин Мир Алишер” дея улуғланган. “Низомиддин” – дин низоми дегани, кўпинча юқори мансаб эгаларига нисбатан айтилган “мир” – амир демак. Мутафаккир, жаҳон адабиёти етук сиймоларидан бири, давлат арбоби, файласуф Навоий “Авлиёлар авлиёси”, “Мутафаккирлар мутафаккири”, “Шоирлар султони” сифатида ҳам эътироф этилган улуғ аллома. Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим, қолаверса йирик давлат арбоби ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ижтимоий масалалар ечимига улкан ҳисса қўшган олим ўлароқ, жаҳон цивилизацияси тарихига дахлдор шахс ҳисобланади.

Ироқлик ёзувчи Саид Жассим Аз-Зубайдий ўз шеърида тинчликсевар давлат сифатида, халқаро майдонда ошкора, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат олиб бораётган Ўзбекистонда демократик, сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотлар жадал кечаётгани, мамлакатимиз юксак мақсадлар сари ғоят қатъият билан олға одимлаётганига урғу берган. Имом Ал-Бухорийнинг бой илмий меросини пухта ўрганиш, кенг тарғиб қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш, шунингдек Навоий ва Бобур илмий-ижодий фаолияти, ул зотларнинг ҳаёти, ахлоқ-одоби, юксак инсоний фазилатини авлодлар учун ибрат, намуна қилиб кўрсатиш зарурлигини таъкидлаган.

Муҳаррама Пирматова, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА