Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳолатга қарши майдонга чиққан маърифатпарвар
12:22 / 2024-04-10

10 апрель – ўзбек адабиётининг улуғ намояндаси Абдулла Қодирий таваллуд топган кун

"Ўткан кунлар" – халқимизнинг ХIХ аср ўрталаридаги ҳаётидан ҳикоя қилиб, инсонпарварлик, адолатпарварлик, вафодорлик, қаҳрамонлик, золимларга ва хиёнатчиларга чексиз нафрат руҳи билан суғорилган роман. Уни ўқимаган ёхуд кинотасмаларини томоша қилмаган юртдошимиз бўлмаса керак. Унда феодал хон ва беклар ўртасидаги ўзаро урушлар қаттиқ қораланади. Ўзбек романчилигининг илк рамзи бўлиб қолган ушбу асар муаллифи эса атоқли ижодкор, ўзбек адабиётининг йирик намояндаси Абдулла Қодирийдир.  

Адибнинг саҳар тонгда "Ўткан кунлар" номли асарини ёзаётиб Кумушнинг вафоти жараёнида ўзи ҳам йиғлагани ҳақидаги маълумотлар ҳам муболаға эмас...  

Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида, боғбон оиласида дунёга келди. У дастлабки саводни Зангиота маҳалласидаги мулла Олимдан олгач, "Мактабда икки-уч йил чамаси эски усулда ўқиб, кейинги вақтларда оиламизнинг ниҳоятда қашшоқ ҳаёт кечиргани важидан ўн икки ёшимда мени бир бойга хизматчиликка берадилар. Хўжайиним ўзи савдогар киши бўлиб, ўрисча ёзув-чизув биладиган одамга муҳтож эди", дея хотираларини қолдирган адиб.  

Сўнг рус-тузем мактабини 1912 йили муваффақиятли тугатади. Рус тилини пухта эгаллаши бўлғуси ёзувчи ижодий тақдирида муҳим аҳамият касб этди, яъни рус ва жаҳон адабиёти, маданияти билан бевосита танишув учун йўл очиб берди. Шунингдек у Тошкентдаги Абулқосим мадрасасида 1916-1917 йиллари таълим олди ва бу ислом илми, араб ва форс тилларини эгаллаши, кейинчалик бу соҳаларни мустақил ўзлаштириши учун замин ҳозирлади.  

Абдулла Қодирий оиласи камбағаллашганлиги сабабли болалигидан бошлаб мустақил меҳнат қила бошлаган, натижада турли касбларни эгаллади, маҳаллий савдогарларга котиблик ва гумашталик қилди.  

1918 йилда Эски шаҳар озиқ қўмитасининг ўзбекча саркотиби, 1919 йилда «Озиқ ишлари» газетасининг муҳаррири, 1920 йилда Касабалар шўросининг саркотиби, 1924-26 йилларда «Муштум» журнали ташкилотчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси каби вазифаларни бажарди. У матбуот, журналистика соҳасидаги билим ва малакасини ошириш мақсадида 1924-1925 йилларда Москвадаги журналистика институтида таълим олди.  

Унинг илк ижодий фаолияти 1913-1914 йилларда бошланди. Дастлаб «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 1 апрель сонида «Янги масжид» сарлавҳали хабар босилди. Бу хабар остида «Абдулла Қодирий» деб имзо чекилди. Кейинчалик унинг «Тўй», «Аҳволимиз», «Миллатимга бир қарор!», «Фикр айлағил» каби шеърлари «Садои Туркистон» газетаси ва «Ойна» журналларида чиқди. Абдулла Қодирий бу шеърларида миллатдошларни жаҳолат ва хурофотга қарши курашга чақириб, маърифатпарвар шоир сифатида майдонга чиқди.  

Бу йилларда «Бахтсиз куёв», «Жувонбоз», «Улоқда», «Жинлар базми» каби қатор жиддий, бадиий жиҳатдан пишиқ асарларни яратди. Унинг «Жувонбоз», «Улоқда» каби ҳикояларида ўз халқини саводли, билимли, маданиятли ва озод кўриш истаги сезилиб туради. Адибнинг «Улоқда» ҳикояси аввалги асарлари билан тенглаштириб бўлмайдиган даражада юқори бўлиб, ХХ аср бошидаги ўзбек адабиётидаги реализмнинг чўққиси, реалистик ҳикоянинг энг яхши намунаси ҳисобланади.  

Шу тариқа 1919-1925 йиллар оралиғида унинг матбуотда юзлаб мақола ҳажвиялари чиқди. Бу асарларини у – Қодирий, Жулқунбой, Калвак Маҳзум, Тошпўлат, Овсар, Думбул, Шиғой деган имзо-тахаллуслар билан эълон қилди.  

Абдулла Қодирийни ёзувчи сифатида илк бор элга танитган нарса – унинг ҳажвий асарлари, яъни «Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан» ва «Тошпўлат тажанг нима дейди?» каби ҳажвий қиссаларидир.  

“Ёзувчи бу асарларида одамлар табиатидаги муайян салбий ҳодисаларни соф мафкуравий нуқтаи назардан туриб нуқул бир ёқлама қоралаш, фош этиш йўлидан бормай, характер ва ҳодисаларни холис туриб, мураккаблиги, зиддиятлари билан кўрсатишга жазм этди”, деган эди адабиётшунос олим У.Норматов ва Б.Каримов.  

Абдулла Қодирий шўро ҳокимиятининг дастлабки йилларида журналистик фаолияти билан бир қаторда кўплаб публицистик ва ҳажвий асарлар ёзди ва ўзбек адабиётидаги биринчи роман «Ўткан кунлар»ни яратди. 1922 йилда «Инқилоб» журналида романдан дастлабки парчалар эълон қилинди.  

Адиб иккинчи йирик асари «Меҳробдан чаён»ни 1928 йилнинг февралида ёзиб тугатган. Ушбу роман 1929 йили Самарқандда босилиб чиқди. Романда Қўқон хони Худоёрхон ва унинг саройидаги адолатсизлик, бузуқликлар, хон саройининг фисқу-фасод ва фитна уяси эканлиги очиб ташланди.  

Адиб 30-йиллардаги мураккаб шароитда ҳам бадиий ижодни давом эттирди. 1934 йил қишлоқ ҳаётидан «Обид кетмон» қиссасини ёзди. Қиссадаги Обид образи ўзбек адабиётидаги ноёб ҳодиса. Уни ўзбек халқининг меҳнат, деҳқончилик, маданият бобидаги етуклиги тимсоли, дейиш мумкин. Адиб холис туриб ўша давр коллективлаштириш ҳаракатининг бир қанча томонларини ҳаққоний кўрсатади. Колхоз тузуми охир-оқибатда одамлардаги ташаббусни, шахсий эгалик, манфаатдорлик туйғусини сўндириш мумкинлигини айтади.  

Абдулла Қодирий асарлар ёзиш билан бир қаторда зукко тилшунос, забардаст таржимон сифатида татар физик олими Абдулла Шуносийнинг «Физика», Н.В.Гоголнинг «Уйланиш», А.П.Чеховнинг «Буқаламун» асарларини ўзбек тилига таржима қилди. Н.В.Гоголнинг «Уйланиш» асари таржимаси ўша йили Ҳамза номли театр саҳнасида ўйналди. Қозонда нашр этилган «Тўла русча-ўзбекча луғат»ни тузишда иштирок этган.  

Абдулла Қодирийнинг асарлари, жумладан, романлари жаҳон миқёсида тез тарқалди. «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари, рус, озарбайжон, латиш, литва, татар, туркман, уйғур, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ, араб, италян, инглиз, немис, турк ва бошқа тилларга таржима қилиниб, қайта-қайта нашр этилиб келинмоқда. Абдулла Қодирий «Амир Умархоннинг канизи», «Намоз ўғри» каби романлар яратиш орзусида бўлган. Бунинг учун керакли манбалар тўплаган. Бироқ мустабид тузум адибнинг бу орзуларини рўёбга чиқаришга имкон бермади.  

Абдулла Қодирий 1926 йилда «Муштум» да босилган «Йиғинди гаплар» мақоласи туфайли қисқа муддат ҳибсга олинди. Бу мақола ҳажв тариқасида ёзилган бўлиб, унда бир неча кишилар, арбоб кимсалар ҳазиломуз танқид қилиб ўтилади. Яратилган бу намуналар шўро даври сиёсати учун зарарли китоблар сифатида бот-бот қораланди.  

Адиб 1937 йилнинг 31 декабрь куни кечқурун ҳибсга олинди. 9 ойлик қамоқдаги сўроқ-тергов, қийноқ таҳқир, хўрликдан сўнг 1938 йил 4 октябрда Чўлпон, Фитрат кабилар билан бирга қатл этилди.  

Абдулла Қодирий ижод билан шуғулланишга киришган, бўлажак ёзувчиларга ўз насиҳатларини битар экан, жумладан, шундай сўзларни келтирганига гувоҳ бўлиш мумкин: “Ҳақиқий ёзувчи бўлмоқ учун турмушни ҳар тарафлама ўрганиш, бунинг учун унинг ҳар саҳифаларидан хабардор бўлиш керак. Қисман менинг бошимдан кечирганларим ёзувчи бўлишимда каттагина роль ўйнаган. Ҳақиқий ёзувчи бўлишни истаган ёшларимиз ҳам дастлаб шу турмуш ичига киришлари, уни билишлари керак”.  

Абдулазиз РУСТАМОВ  

тайёрлади, ЎзА