Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Аҳолига ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини етказиш, уларнинг онги, маънавий-маърифий дунёқарашини ўзгартириш” мавзусида эълон қилинган давлат гранти 2-танловида Республика Маънавият ва маърифат маркази Вобкент туман бўлинмасининг “Жаҳолатга қарши маърифат” лойиҳаси ғолиб деб топилган эди.
Лойиҳа доирасида аҳоли, айниқса ёшларнинг китоб ўқишга, илм олишга бўлган қизиқишини ошириш, жамиятдаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини янада юксалтириш, хурофотга берилишнинг салбий оқибатлари ва жамият тарихида бу каби ҳолатларнинг миллат бошига келтирган ташвишларини ўзида акс эттирган маърифатпарвар жадид боболаримиз ҳаёти акс этган “Жадидлар” тўплами, сара ўзбек адабиёти намуналарини англашни мақсад қилган иншолар танлови, “Заковат” билимдонлар баҳси ҳамда мавзу доирасида тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Киши жаҳолатдан қутилиш учун қайси ёшда бўлишидан қатъи назар илмли бўлишга ҳаракат қилиши керак. Илмсизлик ва жаҳолат – жамиятимизнинг энг катта душмани, айни пайтда жамият учун – катта офат, уни фақат маърифат уруғи билан енгиш мумкин.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ёш авлодни дунёқараши кенг, маънавий етук, сиёсий ҳушёр ва ўз фикри, қарашига эга, жамиятдаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшовчи комил инсон сифатида тарбиялаш эди.
Жорий йил 4 май куни Вобкент туманида “Жаҳолатга қарши маърифат” лойиҳаси доирасида ўтказилган иншолар танлови, “Заковат” билимдонлар баҳси ғолиблари ҳамда мавзу доирасида тарғибот тадбирларида фаол иштирок этганлар тантанали тақдирланди.
Тақдирлаш тадбирида Вобкент тумани ҳокими ўринбосари Ш.Ҳусенов сўзга чиқиб, танлов ғолибларини чин дилдан қутлади. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва ташаккурномалар билан тақдирланди.
Тадбир сўнгида туман маданият бўлими ҳамда 8-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби маданият ходимлари томонидан Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Р.Қулиев,
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди
Вобкент туман бўлинмаси раиси
ЎзА