Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ керак!
17:30 / 2025-12-02

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида "Радикаллашув ва ёт ғояларга қарши курашиш ҳамда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш ўн кунлиги" лойиҳаси доирасида “Сохта салафийлик: тарихи, ғояси, белгиси, хатарлари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ташаббуси билан ташкил этилган ушбу ўн кунлик тадбирлардан кўзланган мақсад ёшларни радикализм, терроризм, экстремизм, сохта даъволар, ғаразли даъватлар, ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқлар, оммавий маданият таъсиридан ҳимоялаш, уларда ватанпарварлик, садоқат туйғуларини шакллантиришдан иборат.

Тадбир учун танланган мавзуларни кенг ва атрофлича ёритиб бериш учун ижтимоий-сиёсий, диний, маданий-маърифий соҳада ўз соҳасининг етакчи экспертлари маърузалари билан қатнашди.          

Давра суҳбатини Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси, «Зиё» медиа маркази директори Абдулҳамид Мухторов олиб борди.      

— Бугунги кунда ҳеч бир халқнинг миллий ва маънавий анъанаси, одатларига тўғри келмайдиган турли “урф-одатлар” кўпаймоқда, — деди Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Исломшунослик факультети декани Жаҳонгир Тоҳиров. — Ачинарли жиҳати шундаки, кўпчилик, хусусан айрим ёшлар унинг таъсирига тушиб қолмоқда. Афсуски, буларнинг бари ёшларимизнинг юриш-туришида, кийинишида, ўзини тутишию бошқалар билан бўладиган суҳбатларида кўзга ташланади. Бундай ёт ғоялар эса бизнинг миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга асло тўғри келмайди. Турли найранг ва хатарлардан огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлишимиз зарур.      

Сўнгги пайтларда маънавиятимизга зид бўлган турли ғаразли кучлар “оммавий маданият” ниқоби остида ёшларимиз онгига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда.  

Тадбир давомида ана шу масалалар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган айрим ёшлар ҳаётга фақат бир томонлама боқадиган, енгил ҳаётга интилувчан бўлиб вояга етиши, бу эса уларда бузғунчилик, зўравонлик, фақат ўз манфаати учун ҳаракат қилиш каби иллатлар ривожланишига сабаб бўлиши қайд этилди. “Оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик ғояларини тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, миллий анъана ҳамда қадриятларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди.    

Бугун ёшларимиз ўзига хос “тушунчалар уруши” шароитида яшамоқда. “Оммавий маданият” айнан миллий қадриятимиз асоси бўлган ҳаё, андиша, оқибат, меҳр-муҳаббат каби гўзал ахлоқий қадриятларимизга қарши бўлган ахлоқсизлик ва ёвузликни ўзида акс эттирган ҳаракат экани қайд этилди.        

Тадбир доирасида соҳа мутахассислари, хусусан, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломов, Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси вакили, майор Фаррух Элмирзаев, “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси мудири Одилжон Эрназаров томонидан “Сохта салафийлик: тарихи, ғояси, белгиси, хатарлари” мавзусида маърузалар қилинди.          

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан олимларга мурожаат қилди.                        

Н.Усмонова, ЎзА