27 март – Халқаро театр куни
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби санъат ва маданият соҳасида ҳам улкан ислоҳотлар даври кечмоқда. Жумладан, ислоҳотлар жараёнида халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш баробарида, бой миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналаримизни ўрганиш, илмий-амалий тадқиқ этиш, театр санъати ва маданий меросимизни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга янада мукаммал қилиб етказиш ва албатта дунё халқлари орасида кенг тарғиб қилиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Кейинги йилларда Бухоро вилоят мусиқали драма театрининг ҳам моддий-техник базаси анча мустаҳкамланди. Ўнлаб иқтидорли ёшлар ишга қабул қилинди. Устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилди. Театр артистларининг чекка туманлардаги маданий тадбирлар, байрамларда иштироки кўпайди.
Жамоа икки йил олдин Россия давлатида бўлди. Мазкур давлатда ўтган санъат фестивалида иштирок этди. Фахрий ёрлиқ ва эсталик совғалар билан тақдирланди. Бу бизни янги ижодий ишларга илҳомлантирди. Карантин даврида ҳам онлайн тарзда ишлаб,театр иш режасига киритилган тўртта асар саҳналаштирилди.
Халқимиз, келажагимиз эгаси бўлган ёшлар орасида театр санъатини янада кўпроқ тарғиб этиш мақсадида вилоятдаги кўпгина мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида театр тўгараклари иши йўлга қўйилди. Бу тўгаракларга халқимиз таниган санъаткорлар билан бирга ёш артистлар ҳам жалб этилди. Вилоятнинг чекка ҳудудларида долзарб мавзудаги ҳаётий спектакллар намойиш этиб келинаяпти. Азалдан снаъатни севган халқимиз томонидан бу спектакллар яхши кутиб олинаётгани – биз учун энг яхши совғадир.
Юртбошимиз барча зиёлилар қаторида маданият ва санъат соҳасининг фидокор инсонларига катта ишонч билдириш билан бирга ҳали олдимизда биз қилишимиз керак бўлган вазифалар борлигини ҳам айтиши катта аҳамиятга эгадир. Яъни ўсиб келаётган келажагимиз эгаларини турли хавф-хатарлардан эҳтиёт қилиш билан бирга юртга садоқатли, маънавияти баланд, ҳар жиҳатдан етук инсонлар этиб тарбиялаш, жаҳолатга қарши маърифат билан кураш олиб боришда санъат аҳлининг ўз ўрни бор.
Шундай экан бу йўлда фидойилик билан меҳнат қилиш, жамият ривожида ўз ҳиссамизни қўшишдан ҳамиша фахр туямиз.
Моҳигул Назарова,
Бухоро вилоят мусиқали драма театри адабий бўлим мудири.
ЎзА