Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳолатга қарши кураш барчанинг вазифаси
11:16 / 2026-02-18

Андижон давлат педагогика институтида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги давра суҳбатида институт профессор-ўқитувчилари, тьюторлари, профилактика инспектори, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси вакили ва талаба ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Муҳаммаджон Парпиев, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассиси Аюбхон Музробхонов ва бошқалар томонидан бугунги глобаллашув даврида ёшларнинг ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган диний-экстремистик ғоялар, “оммавий маданият” кўринишлари таъсирига тушиб қолмаслик, ёт ғоялар, иллатларга қарши фақат маърифат, билим ва юксак интеллектуал салоҳият билан қарши туриш мумкинлиги таъкидланди. 

Тадбирда мутасадди ва мутахассислар томонидан ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган мафкуравий хатарлар, турли экстремистик оқимларнинг ёшлар онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ҳаракатларига қарши курашиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Ахборот хавфсизлиги маданиятини ошириш, медиа саводхонликни ривожлантириш ҳамда ёшларни ишончли манбалардан фойдаланишга йўналтириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди. 

Шунингдек, давра суҳбатида ёшларнинг илмий-ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш, стартап ва инновацион лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Ёшлар орасида психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш муҳимлиги юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

– Тадбирда иштирок этиб, мафкуравий таҳдидлар ҳақида кўп маълумотлар олдик, – дейди институт талабаси Гулбаҳор Ҳакимова. – Қолаверса, улар келтириб чиқарадиган оқибатлар нақадар аянчли эканлигини янада чуқурроқ англаб етдик. Шу боис ҳам, биз талабалар мафкуравий таҳдидлар, бир сўз билан айтганда, жаҳолатга қарши қатъий курашамиз. 

Ф. Убайдуллаев, 

З.Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.