Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳл отига миниш ва қизиққонликнинг охири вой
09:21 / 2023-05-24

Инсон боласи бирор муаммога дуч келганида жаҳлига эмас ақлига таяниб иш кўриши зарур. Аксинча, жаҳлига эрк бериб, муаммони жанжал ва куч ишлатиш йўли билан хал этишга уринадиган шахслар қаттиқ янглишади. Яқинда Фарғона вилояти Учкўприк туманида ҳам бир гуруҳ шахсларнинг ўзаро тортишуви жанжал ҳамда пичоқбозликка айланиб, бир инсоннинг бевақт ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев ушбу жиноятни туман мутасаддилари ва маҳалла аҳли иштирокида муҳокама қилди. Муҳокама жараёнида юз берган мазкур кўнгилсиз воқеанинг сабаб ва оқибатлари чуқур таҳлил қилинди.

Албатта, фуқаролар ўртасида келиб чиққан зиддиятни маҳалла фаоллари, хусусан, бешлик аъзолари яхши билиши ва олдини олиш чораларини кўриши керак эди. Фаолларнинг бефарқлиги, фуқароларнинг қизиққонлиги ўнглаб бўлмас оқибатларни келтириб чиқарди. Бир фуқаро бевақт вафот этиб, фарзандлари чирқираб қолди. Гумондорлар эса қонун олдида жавоб бериб, умрларининг бир қисмини панжара ортида ўтказиши мумкин.

Бошқарма бошлиғи муҳокамада маҳалладаги бешлик аъзолари фаолиятига танқидий баҳо берди. “Фуқаробай” ва “хонадонбай” усулидаги ишларни қоғоз қоралаш учун эмас, сифат жиҳатидан янада яхшилаш кераклигини таъкидлади. 
Бағдод туманидаги Намуна маҳалласида содир этилган оғир турдаги жиноятни ҳам айнан жаҳл отига миниш ва қизиққонликнинг мудҳиш оқибати сифатида баҳолаш мумкин. 40 ва 50 ёшларни уриб қўйган, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини яхши тушунадиган икки эркак ўзаро жанжаллашиб, бири иккинчисига пичоқ ўқталган. Натижада жанжал иштирокчиларидан бири олган жароҳати оқибатида вафот этган.

Бошқарма бошлиғи мазкур жиноятни ҳам маҳалла фаоллари иштирокида, содир этилган маҳалланинг ўзида муҳокама қилди. Тадбирда сўз олганлар ҳар қандай жиноятнинг олдини олиш мумкинлигига эътибор қаратиб, бу борада маҳалла фаолларининг сусткашлигига эътироз билдирдилар. Юз берган мудҳиш ҳодисалардан хулоса қилиб, келгусида профилактик ишларни янада кучайтириш, аҳоли орасида аҳиллик ва ҳажиҳатлик муҳитини яхшилаш борасида зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

М.Сулаймонов, ЎзА