Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Жадидлар” спектакли мухлисларга тақдим этилди
09:13 / 2024-12-13

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг навбатдаги янги спектакли мухлислар томонидан катта қизиқиш ва олқишлар билан кутиб олинди.

“Жадидлар” спектакли премьерасини театр ижодий жамоасининг навбатдаги ютуғи деб атасак муболаға бўлмайди.  

Ушбу спектакль маърифатпарвар боболаримиз Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Исҳоқхон Тўра Ибрат, Абдулла Авлоний каби миллат ойдинларининг эзгу мақсадлари, инсонга бир марта ато этиладиган ҳаётлари эвазига алмашган улкан ғоялар, юртимизни ҳур ва озод кўриш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ғоят таъсирчан тарзда очиб бергани билан аҳамиятли бўлди.  

Шунингдек, янги саҳна асарида ўтган аср бошларида заминимизда театр санъатининг ривожланиши, болаларни янгича усулдаги мактабларда таълим олиши, эскилик ва янгиликнинг, ёвузлик ва эзгуликнинг ўзаро кураши ҳаққоний тарзда очиб берилган.  

Айтиш керакки, спектакль ёзувчи ва драматург Тўра Мирзо ҳамда театр бош режиссёри Достон Ҳақбердиев муаллифлигида яратилган. Мусиқаларни бастакор Олимжон Комилжонов ёзган. Рассом – Отабек Намозов. Спектаклга Тоҳир Дўстмуҳамедов ҳамда Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий  адабий маслаҳатчилик қилган.  

Асосий ролларни Иқболжон Ошиқов,  Қобилжон Умиров, Ҳамид Тўхтаев, Умид Шодмонов, Азизхон Латипов каби актёрлар ижро этган. Саҳна асарида Наима Пўлатова, Александр Бекжонов, Меҳри Бекжонова, Гуласал Раҳмонова каби санъаткорларнинг иштироки унинг жозибадорлигини янада оширган.    

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири