Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жадидлар сафдоши Садриддинхон муфти Шарифхўжаев ҳақида (+видео)
11:38 / 2025-12-07

"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сонида тараққийпарвар уламо, ўлка озодлиги йўлидаги курашларда иштирок этган, маърифатпарвар жадидлар билан бир сафда сиёсий кураш саҳнасида бўлган Садриддинхон муфти Шарифхўжаев ҳақида маълумот берилади.

Садриддинхўжа 1877 йил Тошкентнинг Мерганча маҳалласида таниқли уламо ва қозикалон Шарифхўжа эшон хонадонида дунёга келган. Аввал эски мактабда, сўнг Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида ўқийди. Замона зайлига мувофиқ Тошкентдаги биринчи сонли 4 йиллик рус-тузем мактабига кириб, Оврўпо илм-фани янгиликлари билан танишади, рус тилини мукаммал ўрганади. 

Шундан сўнг Бухорога йўл олиб, 1905 йилгача Мир араб мадрасасида таҳсилни давом эттиради. Садриддинхон бу вақтда жадид тараққийпарварлик ғоялари билан танишади. Тошкентга қайтгач Юнусхон мадрасасида мударрис ва имомлик қилади. 1914 йилдан Эшонқули мадрасасида бош мударрис ва муфти рутбасини олади. Муфти Садриддинхон ҳам тараққийпарвар уламолардан бўлиб, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг яқин дўсти ва ҳаммаслакларидан эди. 

1916 йил Туркистонда мардикорчиликка қарши қўзғалон вақтида Садриддинхон муфти ўзининг халқ томонида эканлигини очиқ баён қилади ва жадид тараққийпарварлари билан бир сафда сиёсий кураш саҳнасига киради. 1917 йил март ойида Мунавварқори Абдурашидхон ўғли томонидан "Шўрои Исломия" жамияти таъсис этилганида унга биринчилардан бўлиб аъзо бўлади. 

Туркистондаги илк сиёсий партия – "Турк адам марказияти"нинг дунёга келишида бош-қош бўлади. Қўқонда иш бошлаган Туркистон Мухторияти ҳукуматида президиум аъзоси сифатида Мухториятни Туркистон мусулмонларининг ягона ҳокимияти сифатида тан олиниши учун тинимсиз маърузалар қилади. "Уламо жамияти"нинг айрим мутаассиб вакилларида Мухториятга нисбатан ишончсизлик ортиб бораётганлиги туфайли Тошкентга қайтиб, тараққийпарвар уламолардан "Фуқаҳо жамияти"ни тузади. Жамият Туркистон Мухториятини ўлкадаги ягона сиёсий куч сифатида тан олишини эълон қилади. 

Болшевикларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, айниқса, Фарғонада вазиятнинг қалтислашиб бориши жараёнида ўз замонасининг йирик уламоси бўлган муфти Садриддинхўжа Шарифхўжа қозикалон ўғли 1918 йилнинг февраль ойидан "Фуқаҳо жамияти"нинг нашри афкори сифатида "Изҳор ул-Ҳақ" журналини нашр эта бошлади. Илк сонлариданоқ Туркистон мусулмонларининг севимли нашрига айланган журнал ўз саҳифаларида нафақат диний, балки ўткир иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий масалаларга ҳам кенг ўрин беради. 

Батафсил:

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bIp8JVV6ccg" title="Jadidlar safdoshi Sadriddinxon mufti Sharifxo`jaev haqida " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА