Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жадидлар меросини ўрганиш, англаш – илдизи бақувват дарахтга айланиш имконидир
12:06 / 2023-02-24

Бугун дунёда кечаётган воқеа-ҳодисалар хоҳлаймизми-йўқми, бир аср олдинги сабоқларни эслашга, улардан оқилона хулоса чиқариб, йўл қўйилган хатоларни такрорламасликка ундамоқда. Зеро, Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномада алоҳида таъкидлаганидек, бугунги дунё ҳаёти ҳар қачонгидан ҳам мураккаб, зиддиятли, хавфли кўриниш олган.

Ер юзидаги табиий бойликлар тақчиллашиб, инсоният яшаш аураси тобора қисқариб бораётган ҳозирги шароитда миллий мустақилликни сақлаш, дунё билан тенгма-тенг муносабатда бўлиш, мамлакат ҳудудий яхлитлиги, иқтисодий ва мафкуравий хавфсизлигини асраш, жамият тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ўз-ўзидан бўладиган ишлар эмаслигини кенг омма онгли тарзда тушунмоғи лозим.  

Ўз даврида дунёнинг илғор давлатларидан кўп жиҳатдан ортда қолган Туркистон халқларини бўлажак фожиалардан огоҳ этиш, жамият ҳаётини инқилобий – зўрлик йўли билан эмас, балки тадрижий – маърифий йўл билан ижобий томонга ўзгартириш жадидчилик ҳаракатининг асосий мақсади, кураш усули эди.  

Жадидлар XIX аср охири – XX аср бошида мусулмон модернист ислоҳотчилари бўлган. Улар ўзини «тараққийпарвар», «зиёли» ёки фақат «Ёшлар» деб атаган кишилар эди. Жадидлар таълим соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда мактабларда «усул ул-жадид» ёки «янги усул»ни татбиқ қилиш ва ривожлантиришга интилган. Бу йўлда улар имкониятида мавжуд жамики ресурслар (истеъдодлари, шахсий маблағлари, уй-жойлари, сиёсий ва маданий институтлар, матбуот ҳамда театр, маърифат уйлари ва ҳоказо)дан тўлиқ фойдаландилар, ҳатто азиз умрларини ҳам фидо қилишди. Аввал чор ҳукумати, кейин шўролар давлати, ички қора кучлар – қадимчи ва жоҳил уламолар томонидан кўрсатилган зулм-зўравонликлар, тазйиқлар, қувғинлар, суиқасдларга қарамай, жадид боболаримиз ўзлари танлаган йўлдан қайтмадилар.  

Президентимиз Мурожаатномада алоҳида таъкидлаганидек: «Биз қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона кураши ва фидойилиги Янги Ўзбекистонни қуришда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши зарур».  

Маълумки, империя ҳукми остида жадидчилик ҳаракати оғир ва қарама-қаршиликларга тўла бўлмиш даврда ўз фаолиятини олиб борди. Жадидчилик XIX аср 80 йиллари ўрталаридан Туркистон ўлкасида ҳам тарқалиб, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий мазмундаги ҳаракатга айланди. Миллат истиқболини ўйловчи тараққийпарвар кучлар халқнинг деярли барча табақалари – ҳунарманд, деҳқон, савдогар, мулкдор, уламолар орасида мавжуд эди. Зиёлилар дастлаб чоризмга қарши курашни халқни асрий қолоқликдан уйғотиш – сиёсий-маърифий жабҳадан бошлашга қарор қилишди.  

Аслида «жадид» сўзининг маъноси «янги» демакдир. Лекин у шунчаки «янги», «янгилик тарафдори» дегани эмас, балки «янги тафаккур», «янги инсон, «янги авлод» сингари кенг маъноларни ўзида мужассам этган. Жадидчилик – давлат, тузум, бошқарувни ислоҳ этиш ва миллатни ривожлантириш орқали, умуман, жамиятни янги тараққиёт босқичига олиб чиқишни мақсад қилиб қўйган ҳамда аниқ амалий тадбирларни ўзида мужассамлаштирган ғоялар тизими. Бу тизим жаҳон цивилизациясида ниҳоятда катта роль ўйнаган Туркистондек бир тарихий ўлкада шарқона ҳаёт тарзини сақлаган ҳолда уни Ғарб ва Европа тараққиёти натижалари билан бойитишни кўзлаган.  

Жадидлар орасидан етук олимлар, саноат ва зироатчилик соҳаларининг замонавий билимдон мутахассислари, маданият арбоблари етишиб чиқиб, юртни обод ва Ватанни мустақил кўришни орзу қилишди, шу йўлда фидойиларча курашишди. Жадидларнинг Туркистон мустақиллиги учун курашида асосан қуйидаги йўналишлар устувор эди: янги усул мактаблари тармоғини кенгайтириш; қобилиятли ёшларни чет элга ўқишга юбориш; дунёвий илмларни, замонавий фан ва техникани эгаллаб, тараққий топган миллатлар даражасига кўтарилиш; турли маърифий жамиятлар ва театр труппалари тузиш; газета ва журналлар чоп қилиш, қолоқликка қарши маърифат билан курашиш, ана шу асосда ҳурриятга эришиш, Ватаннинг буюк шаъну шавкатини тиклаш жадид таълимотининг ўзак ғояси ҳисобланади.  

Шу ўринда маърифатпарвар шоир, забардаст тилшунос, тарихшунос олим, илк ўзбек матбаачиларидан бири Ибратнинг янги мактаблар очиш, ўқитувчилар тайёрлаш, аёлларни илм-маърифатли қилиш ишларида фаол қатнашганини, ўз шеърларида маҳаллий ва чор амалдорлари кирдикорларини фош этганини, халқнинг илмли, маърифатли бўлиши йўлида амалга оширган ишларини эсга олиш кифоя. Мутаассиблик ва нодонлик ҳукм сурган давр муҳитида мана шундай ишларни амалга ошира олишнинг ўзи бўлмасди. Бунинг учун кишида миллат учун урадиган катта юрак билан бирга, ватанпарварлик, фидойилик каби хислатлар, фазилатлар бўлиши лозим эди. Шу сабаб ҳам ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, Ибрат домла сингари боболаримизнинг ўша даврда эл-юртимиз тараққиёти йўлидаги фидокорона хизматлари чинакам маънавий жасорат эди.  

Ўрни келганда айтиш лозимки, бугунги имкониятлар, илм-маърифатга хайрихоҳ ҳукумат жадидлар замонида бўлганида эди, Учинчи Ренессансга аллақачон эришган бўлардик.  

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Замона илму фанидан бебаҳра миллат ўзгаларга поймол бўлур», Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот ё ҳалокат, ё саодат ё фалокат масаласидир», деган сўзлари бугун ҳам миллатни уйғотувчи даъватдек жаранглаб турибди.  

Жаҳон интеллектуал мероси тараққиёти тарихида жадид маърифатпарварлигининг ижтимоий-иқтисодий, фалсафий ғояларини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан ўрганиш ёшлар миллий-маънавий қиёфасини шакллантиришда, уларни ахлоқий юксалтиришда, турли хил ёт ғоялардан сақлашда, улар онгида мафкуравий иммунитетни шакллантиришда муҳим тарбиявий аҳамиятга эгадир.  

Агар ўтган аср бошларида халқимиз ҳаёти ва тақдирига эга чиқмоқчи бўлган ташқи кучлар қўл билан саноқли ва уларни кўз билан кўриш мумкин бўлган бўлса, бугун ҳаётнинг беистисно барча соҳаларини қамраб олган хуружларнинг сонини ҳам, келаётган манзилини ҳам, ортида қандай кучлар ва манфаатлар турганини ҳам билиш-аниқлаш осон иш эмас. Шундай экан, бугунги маърифатчи-зиёлилар – олимлар, педагоглар, ижодкорлар, дин пешволаридан бу масалалар устида жиддий ўйлаш, уларнинг моҳиятини чуқур англаш ва энг муҳими – миллионлаб юртдошларимизга тушунарли тил ва услубларда англатиш талаб этилади. Бунда тарғибот-ташвиқотнинг замонавий минбарлари – интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар имкониятидан туну кун фойдаланиш зарур.  

Аввалги даврларда жадидлар ва уларнинг ижодига нисбатан нотўғри муносабатда бўлингани бор гап. Мурожаатномада жадидлар ҳақида айтилган фикрлар замирида мазкур жараён бардавом бўлиши, уларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди билан чуқурроқ танишиш, катта тажриба ва маҳорат мактаби сифатида кўриш, бизга мерос бўлиб қолдирган асарлари ва ғоялари Янги Ўзбекистонни қуришда хизмат қилади, деган таъкид бор.  

Жадид дегани – янги дегани бўлса, демак, Янги Ўзбекистон янгилик ва яхшилик тарафдори бўлган жадидларнинг орзуси ҳам эди, десак янглишмаган бўламиз.  

 

Насимжон АЛИМОВ,

OʼzLiDeP Сиёсий таълим маркази раҳбари,  

иқтисод фанлари номзоди, доцент