Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жадидлар мероси – ёшлар тафаккурида давлатчилик сабоқлари
14:41 / 2025-12-20

Жиззах политехника институтида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар мазмун-моҳияти билан ёшлар онгида миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғояларини чуқур англашга хизмат қилмоқда.

Шу йўналишда “Жадидлар, миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” шиори остида ташкил этилган иншолар танлови олийгоҳ талабаларининг тарихий меросга муносабати ва замонавий тафаккурини намоён этди.

Танлов аввалида “Ўзбек ва хорижий тиллар” кафедраси профессор-ўқитувчилари Феруза Ҳайдарова, Дилдора Абдуваҳобова ҳамда Маҳбуба Зияевалар жадидларнинг илмий-маънавий мероси ҳақида атрофлича тўхталиб, улар илгари сурган ғоялар фақат ўтмиш билан боғлиқ эмас, балки бугунги давлатчилик тараққиёти учун ҳам муҳим назарий ва амалий аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.  

Қайд этилганидек, жадидлар ҳаракати миллий мактаб, илм-фан, маърифат ва ислоҳотлар орқали жамиятни тараққий эттиришни мақсад қилган бўлиб, бу қарашлар мустақил Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли билан муштарак.

Талабалар томонидан тақдим этилган иншоларда жадидлар асарларида илгари сурилган миллий уйғониш, маънавий масъулият, ватан тақдирига дахлдорлик каби ғоялар замонавий нуқтаи назардан таҳлил қилинди. Айниқса, ёшларнинг жадидларни фақат тарихий шахс сифатида эмас, балки миллий тафаккурни шакллантирган мафкуравий мактаб ва давлатчилик ғояларининг илк тарғиботчилари сифатида баҳолаши диққатга сазовор бўлди. Бу эса таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар тизимли йўлга қўйилаётганидан далолат беради.

Мутахассислар фикрича, бундай иншолар танлови талабаларда мустақил фикрлаш, тарихий воқеликка танқидий ёндашиш ва миллий манфаатлар нуқтаи назаридан хулоса чиқариш кўникмаларини шакллантиради. Жадидлар меросига мурожаат қилиш орқали ёшлар жамият тараққиётида илм-маърифатнинг ўрнини янада теран англайди, истиқлол ғояларининг маънавий илдизлари қаердан бошланишини ҳис этади.

Танлов якунига кўра биринчи ўринни Сардорбек Шукуров эгаллаган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Шоҳруз Бўрибоев ҳамда Мафтуна Тўғоновага насиб этди. Ғолиб ва иштирокчиларга билдирилган фикр-мулоҳазаларда жадидлар меросини ўрганиш ва уни ёшлар онгига сингдириш келажак авлодни ватанпарварлик ва фаол фуқаролик руҳида тарбиялашда муҳим омил экани алоҳида таъкидланди.

Умуман олганда, мазкур тадбир мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири – ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларда мустақил фикрлаш ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар билан уйғунликда аҳамият касб этди.  

Жадидлар қолдирган маънавий меросни ўрганиш ва уни таълим жараёнига изчил татбиқ этиш орқали ёш авлод онгида давлатчилик ғоялари, ватанпарварлик ва жамият тақдирига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани бундай тадбирларнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири