Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жадидлар изини излаган мусаввир
22:05 / 2026-02-19

Жоллибой Танирберганович Изентайев - Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори ўз ижоди билан Қорақалпоғистон тасвирий санъатининг шаклланишига улкан ҳисса қўшган жамоат арбоби, Қорақалпоғистон тасвирий санъатининг йирик намойондaси. Улуғ халқ қудратини мўйқалам билан тасвирлай олган, жадидлар изини тасвирда кўрсатган олим, куй ва қўшиқларни қалам билан ижодига қўшган мусаввир.

Бугунги кунда рассом томонидан яратилган турли жанрлардаги асарлар юртимиз ва дунёнинг бир нечта давлатлари коллекцияларидан муносиб ўрин эгаллаб ўзининг ноёблиги ва юқори қиймати билан ёш авлод учун қимматли манба сифатида катта аҳамият касб этиб келмоқда.

Жайҳун қирғоқларидаги ўйлар ва болалик йиллари

Жоллибой Изентайев 1943-йил 28-февралда Қўнғирот туманида таваллуд топган. Устюртнинг ястаниб ётган бепоён чўллари, Жайҳуннинг чўлга қараган нигоҳи ўртасида ўтган болалиги буюкликдан даракдек келажакда унинг ижодига таъсир кўрсатган. Унинг илк ижоди мактабдан бошланиб, чўл манзараси акс этгани бежизга эмас. Рассом болалигидаёқ, мактаб остонасидан ҳатламай, отаси билан чўлга бориб қайтганида кечинмаларини қоғозга туширишни бошлаган. Унинг илк ижодида чўл қумлари, зарраларининг тасвирларда шамол таъсирида учаётган акси, беихтиёр, одамда чўл нафасини келтириб юборади. Онасининг бир неча бор танбеҳига қарамай 5-7 ёшларида чўлга ёлғиз чиқиб кетиши келажакда мустақил фикрга эгалигини шакллантирган. Болалик чоғидан бошланган иқтидорни мактабда тасвирий санъат фани устози Республиканинг таниқли ҳайкалтарошларидан бири Аман Авазгелдиевич Атамбаев сезиб, ёш Изентайевга мактабдан ташқари тасвирий санъатнинг илк сабоқларини берган биринчи устоз бўлди. Кейинчалик рассом устози ҳақида илиқ фикрларидан бирида шундай деган эди: “Мактабда ўқиб юрган кезларимда ҳаммада ҳам оддий қалам бўлмасди, урушдан кейинги қийинчиликлар, оилалардаги иқтисодий етишмовчиликлар таълимга қаттиқ таъсир кўрсатаётган давр эди. Шундай бўлса ҳам устозимиз кўпчилик ўқувчиларга, менга ҳам ўзлари қалам берарди. Дарслардан кейин қаламларимизни йиғиштириб оларди. Ҳар бир боланинг қалам ушлашига қараб унинг иқтидорини билиб оларди. Ўшанда менга қарата болам сенга қаламни ушлашни ким ўргатяпти…” деганлари эсимда. Устозга биринчи кунларданоқ меҳри ўзгача уйғонди. Кечалари устози билан шамчироқда чизган суратлари устозда ҳайрат уйғота бошлаган. Онаси бу суратларни кўриб, унда болалик қизиқиши бўлса керак деб ўйлагани, кейинчалик муваффақият йўли эканлигини кўрган. Ёш рассомнинг Устюрт чўлларидан то Жайҳун қирғоқларигача бўлган табиат чизгилари, Қўнғирот элининг манзаралари, ижодида табиатдан завқланиш ҳисси уни П.Бенков номидаги Республика рассомчилик билим юртига етаклади. Ўша давр болаларида қувноқлик қанчалик бўлгани бизга қоронғи бўлиши мумкин лекин Изентайевдаги қувноқлик ва болаларча фикрлаш анча кенг бўлган. Билим юртигача бўлган унинг болалиги бугун ижодининг сара даврига тўғри келади. Билим юртида у кўплаб моҳир устозлар А.Перов ва Е.Мелниковлардан профессионал рангтасвир санъатининг дастлабки сир-асрорларини ўрганди. Сўнг А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтида ўқишни давом эттирди. Жоллибой институтда дастлаб машҳур рассом Рахим Ахмедов гуруҳида ўқиди. Кейин унга Неъмат Қўзибойев ва Маннон Саидов каби тажрибали рангтасвирчи рассомлар сабоқ беришди.

Илк ижод намуналари

Рассом Ж.Изентайевнинг дастлабки ижоди даврида эришган энг асосий ютуғи барча жанрларда – натюрмортдан тортиб портретгача, манзарадан тортиб йирик тарихий полотноларгача ёзиш малакасини эгаллагани уларда рангтасвир ва ғоя мазмун билан боғлиқ турли масалаларни еча олиш даражасига кўтарилганида кўринади. Буюк мусаввирнинг ижодини ўрганар эканмиз, унинг илк ижодини мактаб йиллари деб таҳлил қилиш мумкин. Гарчи болалик йилларидаги ижодларида у кенг миқёсдаги тасвирларни бермаган бўлса-да, Қўнғирот элининг турмушини, табиатини, одамларнинг бир-бирига бўлган муносабатини болаларча тасвирлаб берган асарлари унинг илк ижоди ҳисобланади. Бугун кўпгина дарслик ва адабиётларда мусаввирнинг илк ижодий намуналарини учратиш қийин эмас. Унинг сақланиб қолган қўлёзмалари, оила аъзоларига айтган ўгитларидан билишимиз мумкинки, илк ижоди илк қалам ушлаганидан эмас, балки табиатни севганидан бошланган. Рассомлик билим юртида, кейин институтдаги ўқиш жараёнида ўзлаштирган турли жанрда асар ёзиш ва рангтасвирда юксак профессионал маҳоратга эришгани рассомга ижод йўлининг кейинги босқичларида рассом ажойиб туркум асарлар яратиши учун мустаҳкам пойдеворга айланди.

Мусаввирнинг тематик ёндашуви ва ижоди

Ж.Изентақйевнинг 1960-йилларда, яъни рассомлик билим юртида таҳсил олаётган чоғларида чизган расмларига нисбатан, 1970-йиллар охири 1980-йиллар бошига тегишли туркум график портретлар ва қаламтасвир расмлар, жумладан “Қушинбай портрети”, “Она портрети”, “Боранбой портрети”, “Қорақалпоқ аёли”, “Балиқчи Аманбай”, “Аскар мактублари”, “Биринчи комсомолчилар”, “Бегжар фожиаси” асарлари расм чизиш маҳоратини анча ўсганини намоён этади. Рассом ижоди турли хил мавзу ва жанрларга бой асарлар билан сержило тус ола бошлади. Уларда ўзгача композицион ечим, колорит, ранг ва фактуралардан кенг фойдаланган.

Қорақалпоқ халқи ҳаётини чуқур ўрганган рассом миллий колоритда ўзига хос турфа асарлар яратди, ўз диёрининг кундалик ҳаётидан тортиб, ўй-кечинмалари, орзу-умидлари, гўзал табиати, турмуш тарзини сержило рангларда акс этди. Тарихий мавзудаги йирик асарлар “Умид йўлида”, “Бегжар фожиаси” сингари асарлари, манзара жанридаги “Хива. Чангли кун”, “Кўҳна Урганч. Бозор”, “Баҳорда Нукус”, “Қорақалпоғистонда куз”, “Яшил ҳовли” каби ижодий ишлари, “Қумғонли натюрморт”, “Ниқобли натюрморт” ва бошқа натюрмортлари, Орол муаммосига бағишланган “Мўйноқ. Қумдаги саксовул”, “Кемалар қабристони”, “Мўйноқ”, “Чекинаётган денгиз туби” асарлари юртимиз тасвирий санъатининг сара намуналарига айланган. Рассом “Шоир Т.Жумамуратов портрети” ва “Босган замини” манзараси учун юксак мукофотлардан бири Бердақ номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. Унинг портрет жанридаги асарлари ХХ аср охири-ХХI аср боши Қорақалпоғистон ранг тасвирида миллий руҳни акс эттиришга самарали таъсир кўрсатди.

Ижодкор умри давомида Миср, Болгария, Франция, Россия, Словения, Германия каби кўплаб давлатларда ижодий сафарларда бўлган ва қатор асарлар яратган. Асарларда ўзига таниш бўлмаган жой манзарасининг нозик қирраларини ундаги бор рангларнинг моҳирлик билан берилганлиги ва табиатнинг ўзига хослиги ифода этилганлиги кишини ҳайратга солади. Ж.Изентайевнинг ижодий фаолияти қанчалик сермаҳсул ва бой бўлса, унинг давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам олиб борган ишлари ҳам шунчалик салмоқли бўлди.

Устоз ва шогирд анъаналарига содиқлик

У узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Бадиий Академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши депутати сифатида иш олиб борди. Рассомнинг яратган эскизлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси миллий герби ва байроғи тайёрланди. Шу билан бирга унинг жонбозлиги билан 1992-йилда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Расм ва чизмачилик” кафедраси очилди ва у ерда Изентайевнинг ўзи ҳам ёш авлодга тасвирий санъат сирларини ўргатди.

1997-йилда эса иқтидорли болалар махсус ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг очилишида Изентайевнинг саъй-ҳаракатлари билан унинг ёш авлод таълими, тарбияси ва келажаги учун жон куйдирганлигини кўришимиз мумкин. Унинг номини абадийлаштириш мақсадида ушбу Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Қорақалпоғистон ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига Жоллибой Изентайевнинг номи берилди, мактабда ҳайкали ўрнатилди, ҳаёти ва ижодига бағишлаб альбом-каталог чоп этилди. Албатта бугунги кунда у инсоннинг олиб борган ишлари тез-тез ёдга олиниб, чуқур ҳурмат билан тилга олинади.

Бугунги кунда устознинг минглаб шогирдлари фаолият олиб бормоқда. Унинг шогирдлари ўз ижодларида устозининг ўгитларини акс эттирган суратларини кўрган мутахассис, тезда Изентайев шогирди эканлигини илғаб олади. Шундай картиналардан иборат бир неча бор “Рассом ҳаёт йўли” кўргазмалари ташкил этилди. Мусаввир ўзидан кейин шогирд ва ижодий асарлари қаторида тирик гувоҳ сифатида ўз ўғлини рассом сифатида қолдиргани, авлодлар давомийлигидан далолатдир. Бугун унинг ижодини давом эттириб, тасвирий санъатнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ижодкор ўғли Тошкент Фотосуратлар уйида раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ҳаётнинг сўнмас юлдузи

Устоз мусаввир ҳаётининг кульминацион нуқтасида буюкликни қўлга киритган, сўнмас ижодни ярата олган ва авлодларга ўзининг борлигини қолдира олган шахслардан ҳисобланади. Айниқса, мустақиллик йилларида яратган асарлари бугун барчамизни қувонтирганидек, чет эллик туристлар нигоҳига қорақалпоқ элининг тарихини, чуқур илдизини кўрсатиб бера олади. У ижод йўлининг чўққисида Қорақалпоғистон Республикаси байроғи ва гербини яратишда муаллифлик қилди. Бу асарлар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан юқори баҳоланиб, юксак эътирофга сазовор бўлди.

Изентайев санъат равнақига қўшган салмоқли ҳиссаси ва самарали ижтимоий-сиёсий фаолияти учун фахрий унвонлар, давлат ордени-медаллари ва мукофотлари билан тақдирланган.

Унга Ўзбекистон халқ рассоми, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби ва Бердақ номидаги Давлат мукофоти берилган. Унинг “Қорақалпоғистон – менинг Ватаним” туркум картиналари учун вафотидан кейин 2013-йилда Ўзбекистон Давлат мукофоти берилди. Академик Жоллибой Изентайев ўзининг ноёб ижоди ва фидокорона ижтимоий фаолияти билан қорақалпоқ миллий маданияти ва санъати равнақига салмоқли ҳисса қўшди. Унинг ажойиб асарлари Ўзбекистон тасвирий санъатининг ажралмас қисми Қорақалпоғистон миллий тасвирий санъатининг олтин фондидан муносиб ўрин эгаллади.

Устоз мусаввир яратган сўнмас асарлар бугун дунёнинг турли бурчакларидаги галереяларда сақланиб келинмоқда. Энг муҳими, ҳозирги кунда Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архиви сақловидаги 1984-йилда суратга олинган Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори, Қорақалпоғистон халқ рассоми, Қорақалпоғистон рассомлар уюшмаси раиси Жоллибой Изентайевнинг ижод чоғидаги, Қорақалпоғистонда ўтказилган шахсий кўргазмаси ҳамда Қорақалпоғистон рассомлари Е.Еримбетов ва Ж.Изентайевлар акс эттирилган фотоҳужжатлар давлат сақловида ноёб манба сифатида сақланиб келинмоқда.

Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари

Миллий архиви бўлим мудири Саида Шербоева