Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жадидлар изидан
18:40 / 2025-11-14

Самарқандда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Жадидлар изидан” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг мазкур танлови аждодларимизнинг бой маънавий меросини тарғиб этиш ҳамда ёшларни китобхонликка кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бу йил иккинчи марта ўтказилмоқда.  

– Асосий мақсад — жадид боболаримизнинг ғоя ва қарашларини мактаб ўқувчилари ўртасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг маънавий меросини ёшлар онгига сингдириш ва фикрлаш маданиятини шакллантириш, – дейди жадидшунос олим, ҳакамлар ҳайъати раиси Баҳром Ирзаев. – Жадидлар ҳар доим маърифат, эркин фикр, илм ва тараққиётни муҳим деб билган. Танлов орқали ўқувчиларда шу каби тушунчаларни уйғотишга интиляпмиз. Ўтган йили танловда 365 мингга яқин ўқувчи иштирок этган бўлса, бу йил қатнашчилар 656 минг нафардан ошди. Ўқувчиларнинг жадидлар ҳаётига қизиқиши ортгани, уларнинг ислоҳотчилик фаолияти, матбуот ва театр соҳасидаги ижоди, панд-насиҳатлари ҳақида жиддий маълумотга эга экани қувонарли. Энг муҳими, ўқувчилар жадидчиликни фақат тарихий ҳаракат сифатида эмас, балки бугунги кун учун ҳам долзарб тушунча сифатида қабул қилмоқда.  

Танловнинг туман (шаҳар) босқичида тест ва савол-жавоб йўналишларида ғолибликни қўлга киритган 32 нафар 6–8 ҳамда 9–10-синф ўқувчилари “Бошқотирма”, “Савол-жавоб” ва “Асарлар таҳлили” шартлари бўйича жадид намояндаларининг ҳаёти ва ижодига доир билимларини синовдан ўтказди.

– Ўтган йил танловнинг ҳудудий босқичида ғолиб бўлиб, республикада вилоятимиз шарафини ҳимоя қилганман, – дейди Иштихон туманидаги 5-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Фотима Отақулова. – Совринли ўрин насиб этмаган бўлса-да бу мен учун катта тажриба бўлганди. Жадидлар ҳаёти ва ижодини пухта ўргандим ва бу йилги танловга жиддий тайёргарлик кўрдим. Насиб бўлса, яна биринчи ўринни қўлга киритиб, республика босқичида ҳам ғолиб бўлишни ният қилганман.

Танловнинг вилоят босқичида икки нафардан ўқувчи сараланади ва якуний босқичда ғолиб бўлган иштирокчилар Германияга икки ҳафталик саёҳага юборилади.  

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари