Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Жадидлар изидан” танловнинг вилоят босқичи якунланди
17:32 / 2025-11-19

Бухоро вилоятида ёшларнинг маънавий оламини бойитиш ва маърифатпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилаётган “Жадидлар изидан” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев иштирок этиб, жадид боболаримизнинг маънавий мероси ёш авлод тарбиясидаги ўрни, маърифатпарварлик ҳаракатинг аҳамиятига тўхталди ҳамда барча иштирокчиларга муваффақият тилади.

Танловнинг очилиш маросимидан сўнг барча иштирокчилар Бухоро шаҳридаги 43-умумтаълим мактаби ҳовлисида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида қатнашди. Мазкур эзгу ташаббус орқали мактаб ҳудудида ёш авлод учун манзур бўладиган янги, маърифат ва бунёдкорлик руҳи сингдирилган маскан яратилди.

Янги барпо этилган боғ “Жадидлар изидан боғи” деб номланди. Бу ном маърифатпарвар жадид боболаримизнинг юрт келажаги, илм-маърифат, ўзликни англаш ва уйғониш йўлида олиб борган улкан ислоҳотларини ёдга солади. Боғ яратиш жараёни эса уларнинг бошлаган эзгу йўлини давом эттириш, ёшлар қалбида бунёдкорлик ва ватанпарварлик руҳини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 26 нафар ўқувчи иштирок этди. Улар икки ёш тоифасида, 3 та шарт асосида баҳс олиб борди. Биринчи шарт доирасида иштирокчи ўқувчилар жадидлар ҳаёти, фаолияти ва асарларига оид билимларини синовдан ўтказди. Улар 10 та саволдан иборат бошқотирмаларни тўлдириб, ўз тафаккури, зукколиги ва тарихий билимларини намоён этди. 

Танловнинг иккинчи шарти доирасида иштирокчилар жадидларнинг муайян асарларига оид ўз фикр, таҳлил ва хулосаларини 5-7 дақиқа давомида баён этди. Ушбу босқич ўқувчилардан нафақат асар мазмунини пухта англашни, балки матндаги ғоя, бадиий ифода ва маънавий маъноларни теран таҳлил қилишни талаб қилди.

[gallery-26327]

Иштирокчилар ўз нуқтаи назарини равон, асосли ва мустақил фикрлаш кўникмалари асосида ифода этиб, жадид боболаримизнинг маърифатпарварлик меросига бўлган ҳурмат ва қизиқишини яққол намоён этди. 

Танловнинг учинчи шартида иншо ёзиш синови ўтказилди. Иншо давомида ёшлар жадидлар меросига муносабатини, уларнинг ғоялари бугунги авлод тарбиясидаги аҳамиятини, шунингдек, Ватан ва миллат равнақи йўлида маърифатнинг нечоғлик муҳим эканини қоғозга тушириб, ўз ижодий қарашларини намоён этди. 

Якуний натижаларга кўра, 6-8-синф тоифасида Бухоро тумани умумтаълим мактаби ўқувчиси Муҳаммадали Ҳолиқов, 9-11-синф тоифасида Вобкент тумани умумтаълим мактаби ўқувчиси Азиза Туробова 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.