Гулистон шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида “Жадидлар изидан” республика танловининг Сирдарё вилояти ҳудудий босқичи қизғин ва кўтаринки руҳда ўтказилди. Танловда иштирок этган ўқувчилар жадидлар ҳаёти, фаолияти ҳамда уларнинг миллий маърифат йўлидаги улкан хизматларига оид билим ва кўникмаларини намоён этишди.
Тадбир ёшларнинг тарихий меросга бўлган қизиқишлари ва уни чуқур ўрганишга интилишларини янада оширди.

Дастлабки шартда 9–10-синф ўқувчилари жадидларга оид мавзуларни қамраб олган 10 та бошқотирмани тўлдириб, ўз билимларини синовдан ўтказишди. Бошқотирмалар уларнинг жадидлар ҳаракати моҳиятини қай даражада англаганини баҳолашда муҳим аҳамият касб этди. Кейинги босқичда иштирокчилар жадидлар ҳаёти ва ижодига оид саволларга 7 дақиқа давомида фикр-мулоҳазаларини баён этиб, нутқ маданияти, мантиқий таҳлил қилиш қобилияти ва мустақил фикрлаш маҳоратини намоён қилишди.

Учинчи босқич — иншо ёзиш синовида ўқувчилар жадидларнинг миллат тақдири, маърифат тарқатиш ва таълимни ривожлантириш борасидаги хизматларини ёритган ҳолда ўз ижодий қарашларини баён этишди. Улар жадидлар меросининг бугунги кун учун аҳамияти ва унинг замонавий ёш авлодни тарбиялашдаги ўрнига оид ўзига хос фикрлар билдиришди.

Якуний натижаларга кўра, 6–8-синфлар йўналишида Гулистон тумани 28-мактаб ўқувчиси Эъзоза Абдуазизова фахрли 1-ўринни қўлга киритди. 9–10-синфлар тоифасида эса Гулистон тумани 13-мактаб ўқувчиси Райҳона Анорбоева энг юқори балл тўплаб, ғолиб деб топилди. Икки нафар иқтидорли ўқувчи вилоят босқичида зафар қучиб, республика босқичида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлишди. Энди улар мамлакатнинг энг билимдон ёшлари билан беллашиш имконига эга.


Тадбир якунида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда бошқарма бошлиғи Наргиза Холбоева ва масъуллар ғолибларга диплом ҳамда совғаларни топшириб, уларнинг келгуси ўқиш ва ижодий фаолиятларида муваффақиятлар тилашди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири