Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сирдарё вилоят мусиқали ва драма театрида Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилоят бўлими, Маданият ҳамда Ёшлар ишлари бошқармалари ташаббуси билан театрлаштирилган маданий- маърифий анжуман ташкил этилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитов йиғилганларга сана муносабати билан Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг табригини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг тарих фанлари номзоди, жадидшунос олим Ўғилой Эрбўтаева сўзга чиқиб, адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида тўхталди.
[gallery-21548]
–Маҳмудхўжа Беҳбудий жуда оз умр кўрди (атиги 44 йил),–деди жадидшунос олим.–Шу қисқа умрнинг катта қисми тазйиқ ва таҳдидлар остида кечишига қарамасдан, хайрли ишларни амалга оширишга улгурди, келажак авлод тақдири тўғрисида қайғурди. У ношир, театршунос, адиб, муфти, сиёсий арбоб сифатида фаолият кўрсатиб қолмай, миллий озодлик ҳаракатининг буюк намояндаси сифатида илм-фан, таълим ва тарбия, адабиёт ва санъат, матбуот соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Ундан бизга 200 дан зиёд илмий-публицистик мақола, 6 та дарслик, “Саёҳат хотиралари” китоби, “Васиятнома”, “Падаркуш” номли пьеса мерос бўлиб қолди.
Анжуманда вилоятдаги адиб ва шоирлар, жамоатчилик вакиллари, олимлар, корхона ва ташкилотлардаги маънавий-маърифий ишларга масъул раҳбарлар, ўқувчи- ёшлар ҳамда талабалар иштирок этишди.
Анжуман сўнггида адиб қаламига мансуб «Падаркуш» пьесаси вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан намойиш қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири