Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жадидчилик ғоялари ва Янги Ўзбекистон стратегиясидаги уйғунлик
15:23 / 2026-02-24

ХIХ аср охири — ХХ аср бошларида шаклланган жадидчилик ҳаракати нафақат миллий уйғониш, балки бутун мусулмон Шарқи интеллектуал қайта тикланишининг муҳим босқичи сифатида тарихга кирди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ўз замонининг илғор намояндалари бўлган жадидлар ғоят мураккаб ва қийин шароитда билим ва маърифат тарқатиш, таълим-тарбия соҳасини тубдан ислоҳ этиш орқали миллий тараққиётга эришиш ғояси билан майдонга чиқдилар”. Бугунги кунда мазкур ғоялар Янги Ўзбекистон стратегиясида янги мазмун ва кўлам билан қайта намоён бўлмоқда.

Бундан роппа-роса икки йил олдин Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев  жадид боболаримизнинг ғоялари Янги Ўзбекистон стратегияси билан ҳамоҳанглиги тўғрисида шундай деган эди: “Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиийдир. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир”.

Келинг, ушбу уйғунликни атрофлича кўриб чиқайлик:

Биринчидан, Янги Ўзбекистон стратегиясида “инсон қадри” тамойили бош мезонга айланди. У инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон капитали, таълим сифати, ижтимоий адолат ва тенгликни таъминлашга қаратилган. Бу эса жадидларнинг жамиятда ижтимоий тенгликка эришиш, аҳолининг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини муҳофаза қилиш йўлидаги интилишлари билан муштаракдир.

Иккинчидан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 1-бандида таълим тизими ислоҳотларига алоҳида урғу берилган. Бунда мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, профессионал таълим тизимини ривожлантириш орқали ўқувчиларни замонавий билим ва кўникмаларга ўргатиш, ёшларни олий таълим билан қамраб олишни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, барча йўналишларда инновацион фаолиятни кенг жорий этиш, илмий тадқиқотларни ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш асосий мақсад сифатида белгиланган. 

Ўз даврида жадид боболаримиз ҳам миллат тараққиёти аввало маърифатдан, билим ва маҳоратдан бошланишини таъкидлаб, биринчи галда усули жадид мактаблари фаолиятини йўлга қўйганлар. Улар мактабларда замонавий фанларни жорий этиб, болаларни эркин фикрлайдиган, мустақил ва танқидий қарашга эга шахслар этиб тарбиялашни мақсад қилганлар. “Самарқанд” газетасининг 1913 йил 9 августдаги сонида туркистонлик жадидлардан бири Ҳожи Муин Шукрулло “Ёшларға мурожаат” мақоласида шундай дейди: “Миллатнинг тараққийси анинг аввали мунтазам мактабларидан бошланур. Агарда биз динимизни, миллатимизни яхши кўруб, муҳофаза қилмоқчи бўлсак, аввал саодат эшиги бўлган мактабимизни замонға мувофиқ ислоҳ қилиш керак”. Бу фикрлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Жадидларнинг “таълим орқали миллий уйғониш” ғояси бугунги таълим ислоҳотларининг асосий мазмунини ташкил этади.

Учинчидан, Янги Ўзбекистонда давлат ва жамият бошқаруви очиқлик, жамоатчилик назорати, инсон ҳуқуқлари, парламент ва маҳалла институтларини кучайтириш билан тавсифланади. Жадидлар ҳам жамиятда фаол фуқаролик муносабатлари ва жамият манфаатига хизмат қилувчи давлат моделини орзу қилган эдилар. 

Жадидларнинг Туркистон мухториятини тузиш бўйича энг машҳур дастури – “Турк адами марказият (федералчилар) фирқаси”нинг маромномаси”да бу ғоялар ўз аксини топган. Таниқли жадидшунос олим Бойбўта Дўстқораевнинг илмий тадқиқотларида улар қуйидагича шарҳланган: “Фирқа ўз маромномасида илгари сурган жамият тизими демократик  бўлиши кўзда тутилганди. Бу, айниқса, маромномадаги “Мухториятли қитъалардаги аҳлият (фуқаролик) ҳуқуқи” қисмида ёрқин кўзга ташланади. Унда аҳоли қайси дин ва қайси мазҳабда бўлишидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги: фуқароларга чин маъноси-ла виждон эркинлиги берилиши, биронта дин ва мазҳаб ҳукумат томонидан бошқаларидан устун қўйилмаслиги; ҳар бир фуқаро ўз фикрини айтиш, матбуот ёки бошқа нашр воситалари орқали баён этиш ҳуқуқига эгалиги: фуқароларнинг юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш учун йиғинлар ўтказиш, жамиятлар тузиш ҳуқуқи бўлиши, буни(нг) учун “ҳеч кимдан рухсат сўрамоқга эҳтиёж йўқлиги”, шахс эркинлиги, оила муҳофазаси дахлсиз бўлиши, тегишли маҳкамаларнинг қарорисиз биронта ҳам фуқаронинг уйига бостириб кириб тинтув ўтказиш, хат ва китобларини текшириш мумкин эмаслиги каби моддалар акс этган”. 

Тан олиш керакки, бундан 100 йил олдин жадид боболаримиз томонидан яратилган мазкур ҳужжатдаги тартиб-қоидаларнинг аксарияти мустақил Ўзбекистон қонунчилигида ўз ифодасини топган.

Тўртинчидан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 38-бандида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда курашиш, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва шу асосда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш белгиланган.

Жадид боболаримизнинг ғоявий қарашларида ҳам бу ҳолат ўз аксини топган. Улар дунёвий илм-фанни улуғлаб, тараққиётга эришиш учун халқни ушбу илмларни ўрганишга даъват қилишган бўлса-да, асрий миллий қадриятлар ва ахлоқ-одобни ҳимоя қилишни ҳам унутмаганлар.

Бу борада маърифатпарвар бобомиз Чўлпоннинг қуйидаги сўзлари фикримизнинг далилидир: “Эй қариндошлар... катта илтимосимиз шулдурки, Оврўпанинг мўдосидан, шишасидан, бузуқ ахлоқидан намуна олмасдан ва бунларга бул жиҳатдан тақлид қилмасдан, балки илм, фан, ҳунар, саноатга ўхшашлик маданиятлардан намуна олиб, бул жиҳатдан тақлид қилмоқимиз лозимдур. Оврўпанинг мўдоси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан, асир-қул қиладур. Бундан сақланингиз!!!” (“Садойи Фарғона” газетаси, 1914 йил 6 июнь). Оммавий маданият унсурлари ва мафкуравий хуружлар авж олаётган ҳозирги замонда ҳам Чўлпоннинг бу сўзлари огоҳлик қўнғироғи бўлиб жаранглайверади.

Бешинчидан, маърифатпарварлик ислоҳотларини амалга ошириш учун жадидларга моддий қўллаб-қувватлов жуда зарур эди. Шу боис улар мамлакат бойларини юрт келажаги учун хайрия қилишга ундаганлар: бу борада ўзлари ўрнак кўрсатиб, ошиқча мол-мулкларини сотиб бўлса-да, усули жадид мактабларини очганлар, ёшларни хорижга ўқишга юборганлар. Чет элда илм олиб қайтган миллат фарзандлари кўмагида ўлкада саноат ва иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини йўлга қўйиб, иқтисодий мустақилликка эришишни ҳам мақсад қилганлар.

Ушбу ғоя “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида амалий мазмун билан янада бойитилиб, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, саноатнинг “драйвер” соҳаларини ривожлантириш ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини кучайтиришга йўналтирилган алоҳида мақсадларни амалга ошириш белгиланган.  

Олтинчидан, жадид боболаримиз юртимизда миллий қўшин барпо этиш орзусида бўлганлар. Хусусан, 1917 йил ноябрда Туркистон мухторияти эълон қилингач, ўлкамизда миллий қўшин сафига ёзилиш ташвиқоти бошланади. 1918 йил 17 январь куни Тошкентда “Ишчилар дунёси” журналининг 2-сонида Ғулом Зафарийнинг “Қувватимиз аскардир” мақоласи чоп этилади. У: “Ҳимматпарвар туркистонлилар! Биз туркистонлик турк болалари Мухторият эълон этдик. Энди Мухториятимиз барқарор ўлсун десак, бизга қувват лозим. Ул қувват аскарликдир. Қувватимиз бўлган аскарликка жон-дил ила боқуб, қалбимизни унга туҳфа этайлик. Асло унутмайлик. Оч, сувсиз турсак ҳам бошқа бир нарсага қарамасдан фақат қаҳрамон аскаримизни тушунайлик! Зеро, бу исломият, бу турклик, бу миллат бунинг ила яшайдир. Бунинг ила буюк бўладир. Бунинг ила шон берадир, бунинг ила ҳаёт бўладир, бунинг ила музаффариятга ноил ўлуб жаҳонни титратадир. Бунинг ила аждод атомиз бўлган фотиҳларнинг, қаҳрамонларнинг руҳларини шод этайлик, мозийимизни хотира келтириб истиқболимизни таъйин этайлик”, дея чорлайди. 

Афсуски, Туркистон мухторияти қонга ботирилди. Унинг мудофааси учун жонини тиккан не-не йигитлар қони дарё бўлиб оқди.

Жадидларнинг миллий қўшин барпо этиш орзуси орадан 75 йил ўтиб, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг амалга ошди. Мана, бугун кучли миллий армиямиз бор. Қаҳрамон аскар ва офицерлар юртимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаб турибди.

Замонавий авлод жадидларнинг жасорати ва мафкуравий меросидан куч олмоқда. Демак, жадид боболаримизнинг тарихий орзу-умидлари бугун янги мазмунда рўёбга чиқмоқда.

Жадидчилик — бу фақат тарихий ҳаракат эмас, балки бугунги миллий тараққиёт стратегиясининг маънавий-илмий асосидир. Янги Ўзбекистон ўз ислоҳотларини амалга оширар экан, жадидларнинг таълим, маърифат, иқтисод, жамиятни замонавий асосда янгилаш ҳақидаги ғоялари янада мукаммал ва ҳаётий шаклда татбиқ этилмоқда.

Олимжон ЎСАРОВ, 

Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, 

маънавий-маърифий ишлар ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси