Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жадид йўлбошчиларидан бири Мунавварқори советларнинг кадрлар сиёсати ҳақида қандай фикрда эди?
09:06 / 2025-05-31

Ватанимиз тарихидаги 31 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1907 йил (бундан 118 йил олдин) – Самарқандда зулм ва ҳақсизликка қарши кўтарилган оммавий халқ харакати бошлиғи Намоз Примқул ўғли рус маъмурияти ёллаган яширин жосуслар (ўз тўдасидан чиққан хоин) томонидан ухлаб ётганида ўлдирилди. Унинг жасадини капитан Голов кўриб, бу чиндан ҳам Намоз Пиримқул ўғлиники деб тасдиқлади.

Тарихчи Шаҳодат Муродованинг қайд этишича, Туркистон генерал-губернатори Намоз ботирнинг ўлимидан хурсандлигини яширмади. У Самарқанд вилоятҳарбий губернатори генерал-майор Гескетга қуйидаги мазмундаги телеграмма юборди: “Ҳайриятки, Сизнинг меҳнатларингиз ва тадбиркорлигингиз туфайли биз Намоздан қутилдик. Жуда хурсандман, миннатдорман. Ўзларини кўрсатганларни мукофотга тақдим қилинг”.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Намоз Пиримқул ўғли Россия империясининг Туркистондаги амалдорлари, бой-бадавлат кишилар мол-мулкини тортиб олиб камбағалларга, бева-бечораларга улашган. Шунинг учун у юқори табақалар, мустамлакачилар орасида “Намоз ўғри”, халқ ўртасида эса “Намоз ботир” деб ном қозонган. Унинг ишлари халқ ўртасида достон бўлиб кетган. Халқ бахшиси Нурмон Абдувой ўғли “Намоз” достонини яратган.

1918 йил (бундан 107 йил олдин) – жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиларидан бири Мунавварқори бошчилигида 12 май куни очилган Мусулмон Халқ дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг олий таълим босқичи – Мусулмон Дорилмуаллими ташкил этилди. 

Бироқ шўролар сиёсий ва ижтимоий муҳитнинг мураккаблиги ва Россиядаги сиёсий воқеаларни рўкач қилиб, 5 йиллик ўқишга мўлжалланган дорилмуаллиминни фақат 4 ойлик мусулмон ўқитувчилари курслари билан чегаралаб қўйди. Дорилфунуннинг “Халқ дорилфунуни” номли газетаси биринчи сонининг чиқиши ҳам айни шу кунда юз берди. 

1928 йил (бундан 97 йил олдин)Бирлашган Давлат сиёсий бошқармаси томонидан Бутуниттифоқ Компартияси Марказий Қўмитасига Ўзбекистондаги сиёсий кайфият тўғрисида маълумотлар берилган “Ўзбек зиёлилари орасида “шовинизм”нинг ривожланиши ва ўсиши ҳақидаги агентуранинг ҳужжатли маълумотлари” номли ҳисобот юборилди. Ҳисоботда “маҳаллийлаштириш”, “панўзбекизм”, “антисовет тарғиботи” ва бошқа масалалар кўриб чиқилди. 

Бу ҳужжатда миллий манфаатларни ҳимоя қилиб чиққан ватанпарварларнинг маҳаллийлаштириш сиёсатининг бир ёқлама олиб борилаётгани ҳақидаги фикрлари ҳам келтирилган. Жумладан, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг қуйидаги фикри қайд этилган: “Европаликларнинг ўзлари маҳаллийлаштириш ғоясини ўзлари инкор қилишади: маҳаллий ходимларни лавозимларга тайинлашади, лекин “мос эмас” деб уларни тез ҳайдашади, миллий кадрларни тайёрлашмайди. Билимли инсонлар “идеология” сабабли четлаштирилади, русларга эса ҳеч қанақа тўсиқ қўйишмайди”.

1945 йил (бундан 80 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ботир Бобоевга Қаҳрамон унвони берилди. Бу хабарни у мағлуб бўлган Берлин шаҳрида олди. У бўлиб ўтган жанг майдонларида Ўзбекистоннинг шон-шарафини таратган мардонавор жангчиларнинг энг яхши хислатларини ўзида мужассам қилган эди. Урушнинг узоқ вақт чўзилган ва машаққатли бутун йўлини у жанг олишувларида ўтказди.

Унинг бўлинмаси Берлин йўлидаги дарёларнинг охиргиси – Одер дарёсини биринчилар қаторида жанг билан кечиб ўтди. Бу бўлинма дарёнинг ғарбий соҳилидаги кичикроқ истеҳкомда ўн марта қарши ҳужумга ўтди. Бобоев бўлинмасининг гвардияси тўпчилари душман взводини яксон қилиб, бир танк ва икки ўзиюрар тўпни ёндириб юборди. Фашистлар батальони шу бўлинма снарядларининг зарбалари остида яксон бўлди.

2012 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Уставини тасдиқлаш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.

2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – чет тилларини ўқитиш бўйича илғор хорижий тажрибани таълим тизимига жорий қилиш, чет тилларини мукаммал эгаллаган олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тиллар бўйича филологлар, педагоглар, таржимонлар ва гид ҳамроҳларини тайёрлаш тизимини янада кенгайтириш мақсадида Андижон шаҳрида Андижон давлат чет тиллари институти ташкил тилди.

2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА